Президент Администрациясида навбатдаги ўзгаришлар: ким лавозимини сақлаб қолди, ким кўтарилди?

23:00 | 4 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармонлари билан Президент Администрациясида бир қатор юқори лавозимларга янги тайинловлар амалга оширилди. Бу сафарги ротацияда 13 нафар мутасадди раҳбар янги вазифаларга ўтди ёки лавозим даражасини ўзгартирди.

MirziyoyevФото: president.uz

Хусусан, Камолиддин Мардонов Ҳуқуқий экспертиза ва комплекс таҳлил қилиш департаменти бошлиғининг биринчи ўринбосари этиб тайинланди. У бунга қадар аграр соҳада даромадларни кўпайтириш ва сувдан оқилона фойдаланиш ташаббуслари билан шуғулланган шўъбага раҳбарлик қилган.

Шу департаментда яна икки тайинлов амалга оширилди: Улуғбек Ханаев бош юрисконсулт сифатида бошлиқ ўринбосари, Элдор Ҳамроев эса шунчаки ўринбосар этиб тасдиқланди. Ҳар иккиси ҳам ҳуқуқий ва мулкий муносабатлар соҳасидан келган кадрлардир.

Жамоат хавфсизлиги ва қонун устуворлиги бўйича департаментда Азиз Азимов биринчи ўринбосар, Сергей Гордеев эса ўринбосар лавозимларига тайинланди. Улар Президент Администрациясида хавфсизлик, ички ишлар ва ахборот технологиялари соҳаларида иш тажрибасига эга раҳбарлардир.

Коммуникациялар департаментида эса бир йўла уч нафар ўринбосар тайинланди: Гулрухсор Хатамова, Фаррух Омонов ва Рустам Мирзаев. Улар мос равишда жамоат фикри, ОАВ билан алоқалар, мафкуравий ишлар билан шуғулланиб келган.

Шунингдек, Йиғилиш ва ҳудудларга ташрифлар учун таҳлилий контент тайёрлаш департаментига ҳам икки нафар янги ўринбосар келди — Фатҳиддин Мухиддинов ва Хусниддин Хашимов. Иккаласи ҳам Администрациянинг ахборот ва режалаштириш соҳаларида фаолият юритган мутахассислардир.

Ташқи алоқалар департаменти бошлиғи ўринбосарлигига Ўлуғбек Норматов тайинланди. У аввалдан жамоат фикрини таҳлил қилиш соҳасида етакчи консультант сифатида ишлаган.

Шунингдек, Бошқарув самарадорлиги агентлиги раҳбари вазифасини вақтинча бажариш Улуғбек Хусаинов зиммасига юклатилди. У ҳудудлар билан ҳамкорликни таҳлил қилиш департаментидаги тажрибаси билан танилган.

Ойбек Умаров эса Президент Администрацияси ишлар бошқарувчисининг ўринбосари бўлди. У аввал молиявий ва хўжалик ишларига масъул бўлган.

Бу тайинловлар Президент Администрациясининг турли йўналишларида кадрлар сиёсатини янгилаш ва самарадорликни ошириш мақсадида амалга оширилди.