Президент: дуккакли экинлар учун техникаларга субсидия ва имтиёзли кредитлар ажратилади

16:15 | 3 дақиқада ўқилади.

2023 йилда экспортини 75 фоизи май-октябр ойларига тўғри келган, яъни нархлар паст бўлган даврга. Ноябр-март ойларида эса нархлар 2-3 баробар юқори, аммо маҳсулот етишмаслиги сабабли бу даврдан фойдаланилмаяпти. Президент экспорт масаласига масъуллар ўзлари янгилик қилолмаса, тадбиркорлардан ўрганишлари кераклигини таъкидлади.

Mirziyoyev sh

Бу йил илғор экспортчилар 9 минг тонна музлатилган олчани 26 млн долларга экспорт қилгани мисол қилиб келтирилди. Хатто ўзимизда етишмаган олчани импорт қилиб, қайта музлатиб, реэкспорт қилган ҳолатлар ҳам қайд этилди. Шу сабабдан, дала четларида экспортбоп маҳсулотлар, айниқса олча кўпайтирилиши зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Сувсизлик туфайли 2 600 гектар майдонда экинлар қуриб қолган. Аммо Жондор, Оҳангарон, Ғаллаорол, Тўрақўрғон ва Янгибозор туманларидаги томчилаб суғориш тажрибаси ижобий натижа берган. Вилоят ҳокимларига шу тажрибани кенгайтириш ва қуриб қолган ерларда тиклаш топширилди.

Қадоқлаш йўналишида бу йил 16 та замонавий корхона ишга тушган, йил якунигача яна 15 тасини ишга тушириш зарурлиги айтилди. Экспортдаги энг катта захиралардан бири — дуккакли экинлар. Ҳар йили 450 млн долларлик маҳсулот экспорт қилинса-да, ишчи кучи етишмаслиги туфайли ҳосилнинг 30 фоизи йўқотилмоқда.

Шу боис Қишлоқ хўжалиги жамғармаси томонидан дуккакли экинлар учун техникаларга субсидия ва имтиёзли кредитлар ажратилиши эълон қилинди. Жорий йил охиригача 200 та махсус техника олиб келиниши вазифа қилиб қўйилди.

Тадбиркорлар ички ташиш харажатлари юқорилигидан шикоят қилмоқда. Чунки маҳсулот қайси постдан кирган бўлса, экспорт ҳам ўша ердан бўлиши талаб қилинади. Энди Божхона қўмитасига қайта ишланган маҳсулотни исталган пост орқали экспорт қилиш имконини яратиш топширилди.