Қандай жойда яшаганлар кўпроқ умр кўради?

16:30 | 3 дақиқада ўқилади.

Олимлар инсон умрига таъсир этувчи жойлар ҳақида қизиқ хулосага келди. Айрим жойларда яшаш инсон умрини бир йилгача узайтириши мумкин экан.

Qariyalar

«Environmental Research» журналида эълон қилинган тадқиқот натижаларига кўра, денгиз ва океан соҳилларидаги ҳудудларда яшовчи аҳоли мамлакат ички ҳудудларидаги одамларга нисбатан ўртача бир йил кўпроқ яшайди. Огаё штати университети олимлари АҚШдаги 66 мингта аҳоли пункти маълумотларини таҳлил қилган.

Тадқиқотда турли сув ҳавзаларига яқин яшаш инсон саломатлигига қандай таъсир қилишини ўрганиш мақсад қилинган. Бу жараёнда иқлим шароити, даромад миқдори, ҳаво сифати, инфратузилма ва урбанизация даражаси каби омиллар ҳам инобатга олинган.

Океан ва денгиз соҳилидаги муҳитда ҳаво тозалиги, дам олиш имкониятлари ва нисбатан қулай иқлим саломатликка ижобий таъсир кўрсатиши мумкин. Шу боис бу ҳудудлардаги аҳоли ўртача узоқроқ яшайди.

Бироқ шаҳарлар ёнидаги дарё ва кўл бўйлари бундай таъсирга эга эмас. Олимларнинг таъкидлашича, бу ҳудудларда кўпинча ифлослик, зич қурилиш ва ижтимоий тенгсизлик даражаси юқори бўлиб, умр давомийлигига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Мазкур хулоса жамиятда шаҳарсозлик, экологик сиёсат ва аҳоли яшаш жойини танлашга оид қарорлар қабул қилишда муҳим илмий асос бўлиши мумкин.