Қимматлашаётган AI-80, «Маргимуш қабристони» бўҳтони ва Аббосбек Файзуллаевнинг янги клуби — 30 июл дайжести

22:04 | 7 дақиқада ўқилади.

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар, ҳодисалар ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Dayjest 30

AI-80 бензини нархи 11 кундан бери узлуксиз қимматлашмоқда

AI-80 бензини нархи Ўзбекистонда 11 савдо сессияси давомида узлуксиз қимматлашиб, бир тоннаси 10,83 миллион сўмга етди. Бу 11 июлдан бери 8,5 фоизлик ўсишни англатади. Йил бошидан буён умумий нарх ошиши 16,4 фоизни ташкил қилган бўлса, июл ойининг ўзида 10 фоизга қимматлашган. Нарх ошишига бозордаги чекловларнинг бекор қилиниши ва ташқи омиллар сабаб бўлмоқда.

Мутaxассислар бундай тенденция яна давом этишини айтишмоқда. Россия бензини экспорти чеклангани, майда импортчилар бозордан чиқиб кетаётгани ва «Ўзбекнефтгаз» 2025 йил сентябридан AI-80 ишлаб чиқаришни тўхтатиши нархларга босимни кучайтиради. Давлат AI-92 ва AI-95 каби юқори октанли, экологик тоза ёқилғиларга ўтишни рағбатлантирмоқда.

 

Чорвоқ сув омборига «Маргимуш қабристони»дан хавф йўқлиги маълум қилинди

Сўнгги кунларда Чорвоқ сув омборига «Маргимуш қабристони»дан заҳарли моддалар тушиши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар асоссиз деб топилди. Тошкент вилояти Экология бошқармасига кўра, қабристон 2024 йилда тўлиқ консервация қилинган бўлиб, унинг атроф-муҳитга таҳдид солиши мумкин эмас. Объект 1938–1946 йиллардаги саноат чиқиндилари жойлаштирилган ҳудуд бўлиб, у бетон деворлар билан ўралган, махсус камералар ва муҳофаза тадбирлари билан таъминланган.

Ҳар чоракда тупроқ ва сув намуналари таҳлил қилиниб, хавфсизлик мониторинги олиб борилмоқда. Радиация даражаси ҳам белгиланган меъёрлардан ошиб кетмаган. Расмийлар фуқароларни ижтимоий тармоқлардаги фейк маълумотларга ишонмасликка ва ҳақиқий манбаларга таянишга чақирмоқда. Агар керак бўлса, объектни жойида кўриб чиқиш имконияти ҳам мавжуд.

 

«Тошшаҳартранс» иши: Олий суд жазони енгиллаштириш сабабини изоҳлади

7,5 йилга қамалган «Тошшаҳартрансхизмат» раҳбари Анвар Жураев ва бир неча ходимлар озод этилгани жамоатчиликда муҳокамаларга сабаб бўлди. Олий суд баёнотига кўра, судланувчилар 2,47 млрд сўмлик зарарни тўлиқ қоплагани сабабли, Жиноят кодексининг 167-моддаси 4-қисми асосида уларга озодликдан маҳрум қилувчи жазо қўлланмаган.

Апелляция суди 2025 йил 5 июн куни Жураев ва бошқаларга нисбатан енгилроқ жазо тайинлади ҳамда жиноий йўл билан топилган 2 та уй-жойни мусодара қилиш ҳақида қарор чиқарди. Олий суд норози томонлар қарор устидан шикоят қилиш ҳуқуқига эга эканини эслатди.

 

40 та бегона атамага ўзбекча ном берилди: «Парол» – энди «ўрон», «аванс» – «бўнак»

Ўзбекистонда адабий тил меъёрларини мустаҳкамлаш мақсадида 40 та кенг қўлланиладиган бегона атамага ўзбекча муқобил ном берилди. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атамалар комиссиясининг 2025 йил 30 июлдаги қарорига асосан, «доставка» — «етказиш», «парол» — «ўрон», «светофор» — «йўлчироқ», «линк» — «ҳавола», «аванс» — «бўнак» каби атамалар расман тасдиқланди.

Янги рўйхатда техник, маъмурий ва ахборот технологиялари соҳасига оид сўзлар қамраб олинган бўлиб, улар расмий муомала, таълим ва ОАВда қўлланилиши мўлжалланган. Масалан, «айсберг» — «музтоғ», «мотивация» — «руҳлантириш», «челленж» — «чорлов», «портфолио» — «йиғмажилд», «мастер-класс» — «маҳорат дарси» тарзида атамалар аниқ ифодаланган.

 

Расман: Файзуллаев энди Шомуродов билан бир жамоада ўйнайди

Ўзбекистон терма жамоаси ярим ҳимоячиси Аббосбек Файзуллаев Туркиянинг «Истанбул Башакшеҳир» клубига ўтди. У Россиянинг ЦСКА жамоасидан 7,5 миллион евро эвазига сотиб олинди ва янги клуби билан 2029 йилгача шартнома имзолади. Файзуллаев янги жамоасида 11-рақам остида ўйнайди.

Энди у туркиялик клубда Элдор Шомуродов билан бирга тўп суради. Шу тариқа, икки ўзбекистонлик футболчи Суперлигада бир жамоа сафида ҳаракатланиш имконига эга бўлади. ЦСКАда Файзуллаев 72 ўйинда иштирок этиб, 8 гол ва 22 голли узатмага эга бўлган.