Россиянинг Камчатка яримороли шарқий соҳилида 8,7 балли зилзила содир бўлди. Зилзила маркази Петропавловск-Камчатский шаҳридан 136 km шарқда, 18 km чуқурликда жойлашгани аниқланди. Бу ҳақда АҚШ Геология хизмати ва Россия Фанлар академияси Геофизика хизмати хабар берди.
Тинч океани соҳилларида, хусусан АҚШнинг Калифорниягача бўлган ҳудудларида ҳам сунами хавфи эълон қилинди. АҚШ ҳукумати Аляска ва Гавайи оролларида, шунингдек, Гуам ва Микронезия оролларида сунамига тайёр туришни буюрди.
Япониядаги Хоккайдо ороли ва Токио ҳамда Осака шаҳарларида 1 метргача тўлқинлар қайд этилди. Япония метеорология агентлиги янада юқори тўлқинлар бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда. Япония бош вазири Сигэру Ишиба фуқароларни тезкор равишда хавфли ҳудудларни тарк этишга чақирар экан, «фуқароларга зарар етмаслиги учун барча чораларни кўрамиз», деди.
Камчаткада қурбонлар қайд этилмаган. Аммо соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбари Олег Мелниковнинг таъкидлашича, бир неча фуқаролар эвакуация вақтида жароҳат олган. Жумладан, бир аёл аэропортда тан жароҳати олган, бошқа бир фуқаро эса қўрқувдан деразадан сакраган.
Камчатка губернатори Владимир Солодов фуқароларни қирғоқ ҳудудларидан узоқлашишга ва расмий эълонларга амал қилишга чақирди. Камчатка яримороли вулқонларга бой бўлиб, 28 та фаол вулқон мавжуд.