Сингапурликлар учун Ўзбекистонга чартер парвозлар йўлга қўйилади

30.07.2025 15:15 | 2 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистонга келаётган хорижлик сайёҳлар сони ортиб бораётган бир пайтда, Сингапурлик туристлар учун махсус чартер рейслари ташкил этилиши кўзда тутилмоқда. Бу ташаббус икки мамлакат ўртасидаги туризм алоқаларини янги босқичга олиб чиқиши мумкин.

Singapur somolyot

Сингапурning етакчи туроператорларидан бири — Chan Brothers Travel компанияси Сингапурдан Ўзбекистонга тўғридан-тўғри чартер рейслар орқали юзлаб туристларни олиб келишни режалаштирмоқда. Мазкур саёҳатлар тўққиз кунлик турлардан иборат бўлиб, Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хива каби шаҳарларни қамраб олади.

Сайёҳлар Ўзбекистоннинг тарихий ва маданий бойлиги, табиий гўзалликлари, меъморий ёдгорликлари, урф-одатлари ва миллий таомлари билан танишиш имконига эга бўладилар. Туризмни тарғиб этиш мақсадида Chan Brothers Travel компанияси махсус маркетингни бошлаб, Сингапурдаги кўргазмаларда Ўзбекистонни намойиш этишни ҳам режалаштирмоқда.

Шунингдек, Сингапурнинг оммавий радиостанцияларидаги машҳур бошловчиларни ҳам туристлар билан бирга юбориш, мамлакатимиз ҳақида кенг жамоатчиликда қизиқиш уйғотиш мақсад қилинган.

Мутасаддиларга кўра, ушбу ташаббус нафақат сайёҳлар оқимини кўпайтириш, балки Ўзбекистон билан Сингапур ўртасидаги туризм соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Хусусан, 2024 йилда Тошкентда ўтказилган бизнес форумида $500 млн қийматдаги лойиҳалар муҳокама қилинган.