Хусусан, собиқ ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов Президентнинг кадрлар бўйича маслаҳатчиси ўринбосари лавозимига тайинланди. У шу кунга қадар кадрлар сиёсати бўйича маслаҳатчининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келаётганди.
Галина Саидова Президентнинг иқтисодий сиёсат бўйича маслаҳатчиси ўринбосари этиб тайинланди. Амалда у шу вақтгача ҳам иқтисодиёт соҳасини ривожлантириш ва инвестиция сиёсатига масъул маслаҳатчининг ўринбосари сифатида фаолият юритиб келган.
Обид Ҳакимов ҳам шунга ўхшаш ҳолатда, Президентнинг иқтисодий сиёсат бўйича маслаҳатчиси ўринбосари — Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори этиб тайинланди. Бунгача у айни шу вазифаларни амалга ошираётганди, фақат бошқа номда.
Абдусалом Азизов эса ижтимоий-сиёсий, диний-маърифий ва ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчи ўринбосари лавозимидан озод қилиниб, нодавлат ташкилотлар, дин ва ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчининг ўринбосари этиб қайта тайинланди. Унинг асосий иш йўналиши ўзгармаган.
Айни йўналишда яна икки шахс — Музаффар Камилов ва Рустам Камилов ҳам Президент маслаҳатчиси ўринбосари этиб тайинланди. Музаффар Камилов аввалги фаолиятида шу йўналишда маслаҳатчи бўлиб ишлаган, кейин Халқаро ислом академияси ректори вазифасини бажарган эди. Рустам Камилов эса 2022 йилдан буён Администрацияда ахборот-коммуникация технологиялари ва жамоат лойиҳалари бўйича шўъба мудири сифатида фаолият юритган.
Ташқи сиёсат йўналишида эса Жавлон Ваҳобов Президентнинг ташқи сиёсат бўйича маслаҳатчиси ўринбосари — Марказий Осиё халқаро институти директори этиб тайинланди. У 2017–2023 йилларда АҚШ, Канада ва Бразилияда элчи бўлиб ишлаган, 2023 йилда эса мазкур институтга раҳбар этиб тайинланган эди.
Баҳодир Тошматов эса Хавфсизлик кенгаши котиби ўринбосари лавозимига тайинланди. У аввалдан Қуролли кучларни ривожлантириш масалалари бўйича шу лавозимда фаолият юритиб келаётганди.
Йиғма тарзда қарайдиган бўлсак, тайинловлар натижасида Музаффар Камилов Президент Администрациясига қайтди, Жавлон Ваҳобов Абдулазиз Комиловга, Рустам Камилов эса Русланбек Давлетовга ўринбосар бўлди. Пўлат Бобожонов, Галина Саидова, Обид Ҳакимов, Абдусалом Азизов ва Баҳодир Тошматов эса лавозимларини амалан сақлаб қолди.