Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 2026–2028 йилларга мўлжалланган фискал стратегиясида тўртта давлат банкини хусусийлаштириш бўйича режалар кечиктирилишини маълум қилди. Гап «Ўзсаноатқурилишбанк», «Асакабанк», «Алоқабанк» ва «Туронбанк» ҳақида кетмоқда.
Ҳужжатда айтилишича, хусусийлаштириш жараёни икки босқичда амалга оширилади: дастлаб банклар институционал жиҳатдан ислоҳ қилинади, сўнгра давлат улуши босқичма-босқич сотилади. Жумладан, «Ўзсаноатқурилишбанк»ни тўлиқ хусусийлаштириш 2025–2026 йилларда амалга оширилиши кутилса, қолган уч банк бўйича бу жараён 2026–2027 йилларга белгиланган.
Шу билан бирга, ҳукумат айрим давлат банкларини хусусийлаштирмасликка қарор қилган. Жумладан, «Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки», «Агробанк», «Халқ банки», «Микрокредитбанк» ва «Бизнесни ривожлантириш банки» давлат улуши сақланган ҳолда фаолият юритишда давом этади. Ушбу банклар аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига молиявий хизматларни етказиш, инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш ва банк хизматларининг ҳудудий қамровини оширишга қаратилган вазифаларни бажаради.
Халқаро валюта жамғармаси банк тизими активларидаги давлат улушини 40% гача камайтириш учун ҳукуматни давлат банкларини хусусийлаштириш жараёнини тезлаштиришга ундаган. Жамғарманинг фикрича, бу молиявий барқарорликни ошириш ва иқтисодиётда ресурсларни самарали тақсимлаш имконини беради.