«Тошшаҳартранс» иши: Олий суд жазони енгиллаштириш сабабини изоҳлади

30.07.2025 15:00 | 3 дақиқада ўқилади.

7,5 йилга қамалган «Тошшаҳартрансхизмат» раҳбари А. Жураев озод этилгани жамоатчиликда муҳокамаларга сабаб бўлди. Олий суд унинг ва бошқа судланувчиларнинг озодликдан маҳрум этилмаслигига асос бўлган омилларни баён этди.

Anvar jo'rayev

Олий суд Тошкент шаҳар транспорт тизимидаги коррупция иши — «Тошшаҳартрансхизмат» раҳбари А. Жураев ва бошқаларга нисбатан чиқарилган суд қарори юзасидан расмий баёнот эълон қилди. Унда таъкидланишича, 2025 йил 3 февралда Юнусобод туман суди А. Жураев ва 20 нафар ходимни Жиноят кодексининг бир нечта моддалари, жумладан 167-модда 3-қисми «а» банди бўйича айбли деб топган.

Суд 6 нафар судланувчи, жумладан А. Жураевни 7 йил 6 ойга озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм этган. Суд зарарни 2,47 млрд сўм деб баҳолаган ва жиноятчилардан ушбу маблағни ундириш, шунингдек, 2 та уй-жойни мусодара қилиш бўйича қарор қабул қилган.

Бироқ, суд ҳукми устидан берилган апелляция шикоятлари ва прокурор протестидан сўнг, иш Тошкент шаҳар суди апелляция инстанциясида қайта кўрилди. Суд жараёнида судланувчилар етказилган моддий зарарни тўлиқ қоплади. Бу ҳолат Жиноят кодексининг 167-моддаси 4-қисмига мувофиқ, озодликдан маҳрум қилиш жазосини қўлламаслик имконини берди.

Натижада, апелляция суди 2025 йил 5 июнь санасида А. Жураев ва бошқаларга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлади. Суд зарардан ортган маблағларни давлат фойдасига ўтказиш, жиноий маблағлар эвазига олинган 2 та уй-жойни мусодара қилиш ҳақида ҳам қарор чиқарди.

Олий суднинг баёнотида қайд этилишича, мазкур ажримдан норози томонлар Жиноят-процессуал кодекснинг 510-моддаси асосида шикоят қилиш ҳуқуқига эга.

Аввалроқ, «Тошшаҳартранс»нинг 7,5 йилга қамалган собиқ раҳбари ярим йилда озод этилганлиги ҳақида хабар берган эдик.