Хитойнинг янги таълим сиёсати: Ҳукумат талабаларни сунъий интеллектга ўргатмоқда

08:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Хитойда сунъий интеллект фақатгина технология эмас — у энди таълимдаги янги меъёр. Мамлакат университетлари талабаларни СИ билан ишлашга мажбур қилмоқда. Энди ҳар бир бакалавр СИ бўйича билимли бўлиши шарт.

Si

Хитойдаги йирик университетлар таълим жараёнида сунъий интеллект (CИ) технологияларидан оммавий фойдаланишни бошлади. Mycos Institute ташкилоти ўтказган сўровномага кўра, Хитойдаги талабалар ва ўқитувчиларнинг фақат 1 фоизи СИ воситаларидан ҳеч қачон фойдаланмаганини айтган. Қолганлар эса ҳафтанинг турли кунларида доимий равишда ундан фойдаланишини билдирган.

Ғарб давлатларидаги университетлар ҳалигача академик шаффофликка хавф туғдириши мумкин деган фикр билан СИни шубҳа билан қабул қилаётган бир пайтда, Хитойда бу технология муҳим рақобатбардош кўникма сифатида қаралмоқда. Охирги бир йил ичида кўплаб етакчи университетлар СИ бўйича умумий курслар, фанлараро дастурлар ва рақамли саводхонлик модулларини жорий этди. Жумладан, Чжэцзян университетида сунъий интеллект бўйича курс барча бакалавр талабалар учун мажбурий фан сифатида жорий этилмоқда.

Хитой Таълим вазирлиги 2025 йил апрелда «CИ+» таълим модели бўйича тавсияларни эълон қилди. Унда бошланғич мактабдан бошлаб, олий таълимгача бўлган босқичларда танқидий фикрлаш ва СИ билан ишлаш кўникмаларини ривожлантириш тавсия этилган.

Пекин шаҳар таълим бошқармаси эса аллақачон СИ ўқитишни мажбурий этиб белгилаган. Университетлар ўз серверларида DeepSeek каби маҳаллий моделларни ишга туширмоқда.