Президент Шавкат Мирзиёев видеоселектор йиғилишида айрим тадбиркорларнинг фақат даромад орттиришни кўзлаб, мева-сабзавотларни хом ҳолда экспорт қилаётганини кескин танқид қилди. Бундай ёндашув натижасида хорижий савдо тармоқлари минглаб тонна маҳсулотни қабул қилмаган ва бу ҳолат мамлакатнинг ташқи бозордаги мавқеига жиддий зарар етказиши мумкинлигини таъкидлади.
Давлат раҳбари таъкидлашича, Ўзбекистонда етиштирилаётган мевалар сифат ва таъм жиҳатидан рақобатбардош ҳисобланади. Шу боис, халқаро бозорда «Made in Uzbekistan» бренди шаклланган. Аммо айрим савдогарлар маҳсулотни сараламасдан, тайёрлаш жараёнларини четлаб ўтиб, фақат юқори нархни кўзлаб, уни тўғридан-тўғри экспортга чиқармоқда.
Президент бу каби ҳатти-ҳаракатлар миллий ишлаб чиқарувчиларга ва уларнинг ташқи бозордаги ишончли имижига зарар келтириши мумкинлигини қатъий таъкидлади. Натижада юртимиз маҳсулотлари ташқи бозорда ўз ўрнини йўқотиши хавфи мавжуд.
Шу муносабат билан 21 та туманда мева-сабзавот экспорти 2024 йилга нисбатан 70 фоизга ҳам етмагани алоҳида қайд этилди. Бу туманларда 80 минг гектарга яқин пахта ва ғалла майдонлари озиқ-овқат мақсадида фойдаланилмоқда, шунингдек, 55 минг гектар томорқа ери мавжуд бўлишига қарамай, натижа қониқарсиз қолмоқда. Бу бўйича туманлар ҳокимларига вилоят раҳбарлари билан ҳамкорликда аниқ чора-тадбирлар ва режаларни ишлаб чиқиш топширилди.
Йиғилишда президентимиз хориждаги элчихона ва бош консулхоналарни ҳам танқид қилиб, уларни экспортни кўпайтиришга фаолроқ кўмаклашишга чақирди. Жорий йилдаги мева-сабзавот экспортининг 80 фоизи атиги 5 та давлат – Россия, Покистон, Қозоғистон, Афғонистон ва Хитой ҳиссасига тўғри келаётгани қайд этилди. Жанубий Корея, Венгрия, Малайзия, Польша, Қозоғистон каби давлатларга экспорт ҳажми пасайган. Шу билан бирга, Буюк Британия, Италия, Швеция, Япония, Ҳиндистон ва Қатарга экспорт режага мос келмаётгани таъкидланди.
Элчихоналардаги савдо маслаҳатчилари фаолияти суст экани таъкидланиб, элчиларга экспортчи корхоналар билан ҳамкорликда ишлаш, янги бозорлар топиш, кўргазма ва савдо уйлари ташкил қилиш, маҳсулотларга сертификат олишда ёрдам бериш каби аниқ вазифалар юклатилди.