YouTube 18 ёшдан кичик фойдаланувчиларни аниқловчи янги AI технологиясини жорий этмоқчи

15:45 | 3 дақиқада ўқилади.

YouTube 18 ёшга тўлмаган фойдаланувчиларни аниқлаш ва уларни зарарли контентдан ҳимоя қилиш мақсадида сунъий интеллект асосида ишловчи янги ёшни баҳолаш технологиясини ишга туширишини эълон қилди.

Youtube

CBS NEWS хабар беришича, YouTube янги сунъий интеллект воситасида ишловчи ёшни баҳолаш технологиясини яқин ҳафталарда синовдан ўтказишни бошлайди. Бу ҳақда компаниянинг маҳсулотлар бўйича директори Жеймс Безер маълум қилган. Янги функция фойдаланувчининг кўрган видеолари, уларнинг тоифалари ва аккаунт фаоллиги асосида унинг тахминий ёшини белгилайди, туғилган санага боғлиқ бўлмайди.

Технология 18 ёшдан кичик деб аниқланган фойдаланувчилар учун шахсийлаштирилган реклама кўрсатилишини чеклайди, маълум турдаги контентни такрорий кўриш имконини камайтиради ва бошқа чораларни кўради. Агар тизим фойдаланувчи ёшини нотўғри баҳоласа, у ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этиши орқали хатони тўғрилаши мумкин.

YouTube нинг расмий блогига кўра, фақат 18 ёшдан катта деб аниқланган ёки тасдиқланган фойдаланувчиларгина ёшга оид чекловга эга контентни кўриши мумкин бўлади. Технология айрим мамлакатларда аллақачон муваффақиятли синовдан ўтказилган, бироқ қаерда эканлиги аниқ айтилмаган.

YouTube нинг бу қадами Pew тадқиқоти орқали ҳам изоҳланади — унга кўра, 13–17 ёшли ўсмирларнинг 90 фоизи ушбу платформадан фойдаланади. TikTok’дан фойдаланувчилар улуши 63 фоизни ташкил қилган.

Таъкидланишича, бу янги функция YouTube томонидан илгари жорий этилган бошқа хавфсизлик воситаларини — масалан, назоратли аккаунтлар орқали болалар фаолиятини ота-оналар кузатиши мумкинлиги — тўлдирувчи қадам ҳисобланади.

Бундан ташқари, компания AI технологияси орқали зарарли контентни аниқлаш ва ўчиришни давом эттирмоқда. Аммо New York Times нашрига кўра, Доналд Трампнинг иккинчи президентлик муддатида YouTube ўз сиёсатида хавфсизлик эмас, сўз эркинлигига кўпроқ эътибор қарата бошлаган.