Шу билан бирга, “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари томонидан 11 914 нафар зўравонликка учраган хотин-қизга кундузги ижтимоий хизматлар кўрсатилди. Бундай хизматлар аёлларга ёрдам бериш, уларнинг руҳий ҳолатини барқарорлаштириш ва ҳуқуқий маслаҳат беришни ўз ичига олади.
Ижтимоий ҳимоя чоралари доирасида 4 006 нафар аёл бирламчи кўмак хоналарида турли йўналишларда ёрдам олди. Бу хизматлар остида ҳуқуқий, тиббий ва ижтимоий маслаҳатлар, шунингдек, вақтинча бошпаналар ҳам назарда тутилган.
Шунингдек, махсус реабилитация ва мослаштириш марказларига 512 нафар аёл ҳамда уларнинг 709 нафар фарзанди жойлаштирилди. Уларнинг ҳар бирига зарур ёрдам кўрсатилиб, жамиятга мослашишлари учун тегишли шароитлар яратилди.
Тазйиқ ва зўравонлик ҳолати ёки уларни содир этиш хавфи аниқланган пайтдан эътиборан 24 соат ичида қуйидагилар амалга оширилиши белгиланган:
хотин-қизлар фаоли ва маҳалладаги профилактика инспектори иштирокида тазйиқ ва зўравонликни содир этган шахс билан суҳбат ўтказилади;
профилактика инспектори томонидан ҳимоя ордери расмийлаштирилади;
тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизлар ва уларнинг вояга етмаган фарзандлари марказий туман (шаҳар) шифохоналарининг шошилинч қабул бўлимларига жойлаштирилади;
расмийлаштирилган ҳимоя ордерлари ва жабрланган шахсларга доир маълумотлар “Инсон” марказларига “Ягона миллий ижтимоий ҳимоя” ахборот тизими орқали юборилади.