Алишер Қодиров: Олдин шароит яратмай, жазони кучайтириш тўғрими?

21:40 | 3 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистонда экологик қонунбузарликлар учун жарималар оширилиши таклиф этилди. Аммо депутат Алишер Қодиров бу каби чоралардан аввал аҳоли учун зарур инфратузилмани яратиш кераклигини таъкидламоқда.

Alisher qodirov

Мамлакатда экологияга етказилаётган зарарлар учун жазони кучайтириш бўйича қонун лойиҳаси муҳокама қилинмоқда. Депутат Алишер Қодиров мазкур таклифга нисбатан кескин муносабат билдирди. Унинг фикрича, жазолашдан аввал одамларга экологик талабларга риоя қилиш учун етарли шарт-шароит яратилиши шарт.

Депутат мисол сифатида шаҳар ичида дарахтларни суғориш масаласини келтирди. Унинг таъкидлашича, кўпгина маҳаллаларда суғориш ёки дренаж тизимлари мавжуд эмас. Одамлар дарахтларни кран суви билан суғоришга мажбур, аммо бу ҳолатда уларга жарима солинмоқда.

«Масалан, ҳаво 50-55 даража иссиққа чиқяпти. Шаҳар ичида яшайдиган аҳолига крандан бошқа сув келадиган манба йўқ. Лекин ундан фойдаланса, нотўғри фойдаланиляпти, деб жарима ёзиляпти. Улар нима қилиши керак? Кўзи билан кўриб туриши керакми дарахтлар қуришини? Шароит яратмасдан жазони кучайтириб қўймаяпмизми?», — дейди Қодиров.

Шунингдек, у чиқиндиларни олиб кетиш тизимига ҳам эътибор қаратди. Айтишича, шаҳардаги маҳаллаларда чиқинди машиналари ҳафтасига фақат бир марта келади. Қолган кунларда эса одамлар чиқиндисини қаерга жойлаштиришини билмай қолмоқда.

«Одамлардан экологик маданиятни талаб қиляпмиз. Лекин талаб қилаётганларнинг ўзи олдин шароит яратиб бериб қўйиш деган масъулиятини бажариб қўйиши керак эмасми?» — дея қўшимча қилди у.