Молия вазирлиги маълум қилишича, Ҳуссайн Шамхоний — Эрон олий раҳбари оятуллоҳ Али Хоманаийнинг маслаҳатчиси адмирал Али Шамхонийнинг фарзанди бўлиб, у отасининг сиёсий таъсири ва коррупциявий алоқаларидан фойдаланиб, танкер ва контейнер ташувчи катта флотни назорат қилади. Бу флот орқали Эрон ва Россия нефти ва нефт маҳсулотлари жаҳон бозорида ноқонуний сотилмоқда.
Санкцияга учраганлар орасида Дубайда жойлашган Milavous Group, Ocean Leonid Investments ва Crios Shipping каби йирик логистика компаниялари ҳам бор. Молия вазирлиги хабарига кўра, ушбу тармоқ ҳар куни 300 минг баррелгача нефт сотган ва йилига 400 млн долларга яқин даромад келтирган.
Қўшимча қилиб таъкидланишича, Шамхонийлар оиласи бу маблағларни жаҳон бўйлаб элит мулкларини сотиб олиш ва хорижий паспортларга эга бўлиш орқали коррупцион тармоқни яширишга йўналтирган. Бу эса уларга халқаро бизнесда Эрон билан боғлиқлигини пинҳон тутиб, эркин ҳаракат қилиш имконини берган.
АҚШ Молия вазири ўринбосари Майкл Фолкендер санкцияларнинг асосий мақсади — Эроннинг асосий даромад манбаини чеклаш ва уни ядровий дастур, баллистик ракета ишлаб чиқариш ва террорчи гуруҳларга ёрдам беришдан қайтариш эканини таъкидлади.
Аввалроқ, шу ҳафтанинг ўзида Европа Иттифоқи ҳам Шамхоний ва унинг Admiral Group ҳамда Milavous Group компанияларига нисбатан санкция эълон қилган. ЕИ маълумотига кўра, ушбу шахс ва компаниялар Россия давлатининг даромадига салмоқли ҳисса қўшмоқда.