АҚШ Федерал захира тизими фоиз ставкасини 4,25–4,5 фоиз даражасида сақлаб қолди

31.07.2025 09:40 | 3 дақиқада ўқилади.

29–30 июл кунлари бўлиб ўтган йиғилишда Федерал захира тизими асосий фоиз ставкасини 4,25–4,5 фоиз даражасида сақлаб қолди. Бу қарор охирги бешинчи марта такрорланмоқда ва у иқтисодий ўсишга қарамай, сиёсий босимлар қаршисида ФЗТ мустақиллигини сақлаётганини кўрсатади.

Fzt aqsh

ФЗТ баёнотида таъкидланишича, ставкада ўзгариш бўлмаган ҳолда қолдириш қарорини бир овоздан қабул қилинган. 30 июл куни бозорларда бу эҳтимол 96,9 фоиз этиб баҳоланган, яъни қарийб барча бозор иштирокчилари ушбу сценарийни кутган. 3,1 фоиз қолганлар эса ставка 0,25 фоиз бандга пасайиши мумкинлигини тахмин қилган.

Reuters сўрови натижаларига кўра, 105 нафар иқтисодчидан 100 нафари айнан шундай қарор кутаётганини билдирган. Бироқ таҳлилчилар ФЗТнинг кейинги қарорларига сиёсий таъсир ортиб бораётганини ҳам қайд этган. Айниқса, Трамп томонидан тайинланган ФЗТ аъзолари Крис Уоллер ва Мишел Боуман ставкаларни июлдаёқ пасайтиришни таклиф этгани танқидларга сабаб бўлди.

Rabobank банкининг АҚШ бўйича бош стратеги Филип Марей фикрича, ФЗТ мустақиллиги хавф остида. Унга кўра, Боуман ва Уоллернинг сўнгги фикрлари бошқа аъзолар қарашидан кескин фарқ қилган.

Шу билан бирга, 30 июль куни АҚШ иқтисодиёти бўйича янги маълумотлар эълон қилинди. АҚШ Бюджет таҳлиллари бюроси маълум қилишича, 2025 йилнинг иккинчи чорагида ЯИМ ўсиши 3 фоизни ташкил қилган. Бу биринчи чоракдаги 0,5 фоизлик пасайишдан сўнг жуда сезиларли кўтарилишдир.

АҚШ президенти Доналд Трамп бу натижаларни «кўзланганидан анча яхшироқ» деб баҳолади ва яна бир бор ФЗТ раиси Жером Пауэллни ставка туширишга чақирди.

ФЗТнинг келгуси йиғилиши 16–17 сентябрда ўтказилиши режалаштирилган. Reuters сўровига кўра, 105 иқтисодчидан 56 нафари шу санада фоиз ставкаси пасайишини кутаётганини билдирган.