Авторақам «бизнеси»: давлат ярим йилда 378,7 млрд сўм даромад қилди
Сўнгги олти ойда Ўзбекистонда 80 мингдан ортиқ «чиройли» авторақамлар онлайн аукцион орқали сотилиб, давлат хазинасига 378,7 миллиард сўм даромад келтирди. Уларнинг аксарияти — 96 фоизи жисмоний шахслар томонидан харид қилинган.
Авторақамлар нархи 1,7 миллион сўмдан бошланиб, энг қиммати 509,6 миллион сўмга етди. Май ойида 722,3 миллион сўмга сотилган рақам ҳозирча 2025 йилдаги энг қиммат аукцион натижаси бўлиб турибди.
Россия 900 дан ортиқ ўзбекистонликни ноқонуний равишда урушга жалб қилган
2025 йил давомида камида 902 нафар ўзбекистонлик Россия Қуролли Кучлари билан шартнома имзолаб, Украинадаги урушга жалб қилинган. Улар орасида асирга тушганлар, тан жароҳати олганлар бор. Ўзбекистон бу борада асир тушган чет элликлар сони бўйича биринчи ўринда турибди.
Журналистик текширувлар Россияда ёпиқ ҳарбий ёллаш жараёнлари фаоллашганини кўрсатмоқда. Қурскдаги ҳарбий полигонда Ўзбекистон делегациясининг ёпиқ ташрифи ҳам қайд этилган. Жангга жалб этилганларнинг айримлари ишсизлик ёки алдов туфайли урушда қатнашганини айтмоқда, расмийлар эса ҳозирча изоҳ бермаган.
Август ойи қандай об-ҳаво билан бошланади?
Август ойи Ўзбекистонда асосан қуруқ ва шамолли об-ҳаво билан бошланади. Қорақалпоғистон, Хоразм, Бухоро, Навоий, Тошкент ва Фарғона водийси вилоятларида ёғингарчилик кутилмайди, шамол айрим жойларда 13–16 м/с гача кучайиши ва чанг-тўзонларга сабаб бўлиши мумкин.
Қашқадарё ва Сурхондарёда иссиқлик 40 даражагача етиши, тоғли ҳудудларда эса 2 август куни қисқа ёмғирлар кузатилиши мумкин. Кечаси ҳаво 13–24 даража, кундузи 31–40 даража атрофида бўлади.
Нега Ўзбекистон Толибон билан ҳамкорлик қилмоқда? — The National Interest
Ўзбекистон Толибон раҳбарлигидаги Афғонистон ҳукумати билан ҳамкорликни прагматик ёндашув асосида ривожлантирмоқда. Бунга хавфсизлик таҳдидлари ва минтақавий иқтисодий имкониятлар ўртасидаги мувозанатни сақлаш зарурати туртки бўлмоқда. Тошкент Афғонистонни изоляцияга тушиб қолган хавфли ҳудуд эмас, балки Жанубий ва Марказий Осиёни боғловчи стратегик кўприк сифатида кўрмоқда. Шу мақсадда Афғонистон билан инфратузилма, энергетика, темир йўл, электр узатиш тармоқлари, савдо ва таълим соҳаларида йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Айниқса, Термиздаги Айритом эркин иқтисодий зонаси, Транс-Афғон темир йўли ва Сурхон–Пули-Хумри электр тармоғи каби лойиҳалар Ўзбекистоннинг минтақада етакчи ва барқарор шерик сифатидаги ролини мустаҳкамламоқда. Шу билан бирга, инсон капиталига қаратилган ташаббуслар — афғон талабалари учун таълим дастурлари ва қочқинларни реинтеграция қилиш маркази каби ёндашувлар ҳам дипломатиянинг муҳим қисми бўлиб турибди. Тошкентнинг бу сиёсати хавфсизлик ва тараққиётни биргаликда илгари суришга қаратилган. Бу ҳақда батафсил Vaqt.uz мақоласида танишсангиз бўлади.
Эъзоза Каримова сўнгги 12 йилда бешинчи халқ таълими вазири бўлди
Эъзоза Каримова Ўзбекистоннинг мактабгача ва мактаб таълими вазири этиб тайинланди. У сўнгги 12 йилда таълим тизимига раҳбарлик қилган бешинчи шахс бўлди. Унинг номзоди Қонунчилик палатаси томонидан тасдиқланди. Каримова илгари Президент таълим муассасалари агентлиги ва “Янги Ўзбекистон” университетида фаолият юритган.
Ундан аввалги вазир Ҳилола Умарова Президент Администрациясидаги янги лавозимга ўтказилди. Сўнгги 10 йилда бир неча шахслар бу лавозимда фаолият юритди: 2013-2018 йилларда Улуғбек Иноятов, 2018-2021 йилларда Шерзод Шерматов, 2021-2022 йилларда Бахтиёр Саидов, 2022-2025 йилларда Ҳилола Умарова ва энди Эъзоза Каримова.