2025 йил 30 июл куни Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида Чорвоқ шамол электр станцияси қурилишига расман старт берилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Тантанали маросимда Хитой элчихонаси вакиллари, Энергетика вазирлиги, маҳаллий ҳокимлик ва «Ўзбекгидроэнерго» АЖ масъуллари иштирок этди. Ушбу лойиҳа «Ўзбекгидроэнерго» АЖнинг халқаро грантларни жалб қилиш йўлидаги биринчи ютуқларидан бири сифатида таърифланди.
2023 йил 17 октябрда Хитойнинг Шинжон-Уйғур автоном райони Савдо департаменти кўмагида меморандум имзоланган эди. Унга кўра, қурилиш тендерида TBEA Co., Ltd компанияси бош пудратчи сифатида танланган.
Ҳозирда Бўстонлиқ тумани Бурчмулла ҳудудида 10 гектар ер майдонида қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Замонавий технологик ускуналар Хитойдан олиб келиниб, монтаж ишлари босқичма-босқич амалга ошириляпти.
20 МВт қувватга эга бўладиган станция йилига ўртача 50 миллион kWh электр энергияси ишлаб чиқаради ва 20 мингга яқин хонадонни электр билан таъминлайди. Шунингдек, 30 та янги иш ўрни яратилади. Лойиҳа амалга ошгач, йилига 811,1 минг метр куб газ ва 3,15 минг тонна кўмир тежалиши кутилмоқда.