Дронларнинг асосий импорт марказига айланаётган Марказий Осиё: бу қандай хавфларни яратади?

18:30 | 6 дақиқада ўқилади.

Марказий Осиё давлатлари сўнгги йилларда Туркия, Хитой, Эрон ва Россия давлатлари учун дрон бозорида «импорт маркази» га айланди. Айрим мутахассислар бу ҳолат минтақадан санкцияларни четлаб ўтиш ҳудуди сифатида фойдаланилаётганига ишора қилишмоқда.

Dronlar ca

Нега Марказий Осиё дронлар учун муҳим марказга айланяпти?

Бунинг асосий сабаби минтақа давлатларида дронларга бўлган юқори талабдир. Чунки дронлар минтақа давлатларига арзон, қулай ва тезкор ҳарбий ҳамда фуқаровий ечимларни таклиф қилмоқда. Совет давридан қолган эскирган авиация техникаларига таяниб келган бу мамлакатлар кўп ҳолларда замонавий самолётлар сотиб олиш ёки уларга хизмат кўрсатиш имкониятига эга эмас. Бундай шароитда дронлар уларга разведка, кузатув, чегара хавфсизлигини таъминлаш ва ҳатто урушларда фойдаланиш учун муқобил восита бўлиб хизмат қиляпти.

«Марказий Осиёдаги бешта давлатдан фақат учтасигина самолётлар учун зарур инфратузилма ва ресурсларга эга. Қолганлари асосан эски совет вертолётларига таянади. Самолётлар жуда қиммат — уларни харид қилиш, сақлаш ва хизмат кўрсатиш осон эмас. Дронлар эса бу масалада янги саҳифа очди», дейди OXUS Society эксперти Майкл Ҳиллиард.

Айниқса, Туркия, Хитой, Россия ва Эрон каби давлатлар билан фаол ҳамкорлик, бу технологияни нафақат харид қилиш, балки уни йиғиш ва маҳаллийлаштириш имкониятини ҳам яратмоқда. Масалан, Ўзбекистон Россиянинг «Келажак транспорти» компанияси билан 100 млн долларлик лойиҳа устида ишлаётган бўлса, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон ҳам ўз ҳудудида хорижий дронларни йиғишни режалаштирган ёки аллақачон бошлаган.

 

Қандай хавфлар бор?

Мутахассислар Марказий Осиёда ҳарбий ва фуқаро дронларини ишлаб чиқариш ёки йиғиш ишлари санкцияларни четлаб ўтиш учун қулай имкон яратаётганидан огоҳлантирмоқда. Минтақадаги давлатларнинг деярли ҳаммаси хорижий корхоналардан дрон сотиб олмоқда ёки маҳаллий ишлаб чиқаришда ҳамкорликни йўлга қўймоқда.

Хусусан, Қозоғистон Хитойнинг Yesil Technology компаниясининг агродронларни йиғмоқда. Шунингдек, Туркиянинг «Anka» дронларини йиғишни 2024 йилдан бошлашни режалаштирган эди, аммо маълум сабабларга кўра режа кечикяпти.

Ўзбекистон ҳам Россиянинг «Келажак транспорти» компанияси билан 100 миллион долларлик дрон ишлаб чиқариш лойиҳаси устида ишлаяпти. Қирғизтонда эса Хитойнинг Zhongtian ZhiControl заводидан 11 миллион долларлик дронлар харид қилинмоқда. Тожикистонда Эроннинг Ababil-2 дронлари мавжуд. Shahed дронларининг борлиги эса расман тасдиқланмаган. Туркманистонда кўпроқ мамлакат имижи учун «Дронлар маркази» ташкил қилинган.

Бунда экспертлар қуйидаги хавфлар борлигини таъкидлади:

  • Минтақа дронлар учун «якуний йиғиш» (final assembly) марказига айланиши мумкин.
  • Бу орқали айрим давлатлар халқаро санкцияларни четлаб ўтиши осонлашади.
  • Бундай фаолият хавфсизлик, сиёсий мустақиллик ва минтақавий барқарорликка таҳдид солиши мумкин.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, Марказий Осиё дронлар ишлаб чиқариш ва транзит бўйича Ғарб, Россия ва Хитой ўртасида жойлашган сиёсий буфер ҳудудга айланган. Бу минтақани «кулранг бозор» — яъни сезгир технологиялар назоратсиз ҳаракат қилиши мумкин бўлган ҳудуд сифатида кўрсатмоқда.

Келажакда дронларга бўлган талаб янада ортади. Бироқ минтақа ҳали ҳам Хитой, Россия ва Эрон каби давлатларнинг эҳтиёт қисмларига қарам. Шу сабабли, тўлиқ мустақил ишлаб чиқариш имкониятлари чекланган. Яна бир муҳим жиҳат – Марказий Осиё давлатлари глобал дрон бозорига катта миқдорда маҳсулот экспорт қила олмайди, чунки бу бозор аллақачон рақобатга тўлиб кетган.

Меҳриноза Фармонова тайёрлади.