Франциялик дубляж устаси Борис Релингер сунъий интеллект технологиялари дубляж соҳасига жиддий хавф туғдираётганини таъкидлади. Релингер Reuters агентлигига берган интервьюсида сунъий овозлар соҳага жиддий таъсир ўтказаётганини билдирди.
Актёр дубляж бу фақат овоз бериш эмас, балки ўзига хос жамоавий ижод эканини қайд этди. Унинг айтишича, актёрлар, таржимонлар, режиссёрлар ва муҳандислар биргаликда ишлаб, томошабинга асл актёр ўз тилида сўзлаётгандек таассурот уйғотади. Релингер “TouchePasMaVF” деб номланган ҳаракат орқали инсон овозини асраб қолишни мақсад қилмоқда.
Netflix каби платформалар дубляжни кенг қўлламоқда, айниқса «Калмар ўйини» ва «Люпен» каби сериалларда. GWI тадқиқотига кўра, Европанинг йирик бозорларида томошабинларнинг 43 фоизи дубляжни субтитрлардан устун кўради. Бу эса соҳа аҳамиятини янада оширмоқда.
Таҳминларга кўра, дубляж бозори 2025 йилда 4,3 миллиард долларга, 2033 йилда эса 7,6 миллиард долларга етиши мумкин. Лекин бу ўсиш сунъий интеллект орқали яратилган овозлардан келадиган хавфни камайтирмаяпти. Чунки улар ҳақиқийга жуда яқин ва арзон ҳисобланади.
Европа дубляж уюшмалари ЕИни соҳа учун ҳуқуқий ҳимоя механизмларини яратишга чақирмоқда. Улар дубляж сифатини, муаллифлик ҳуқуқларини, актёрларнинг овоз архивларини ҳимоя қилишни талаб қилмоқда. Голливудда 2023 йилда айнан шу сабаб иш ташлашлар кузатилган ва сунъий интеллектга чекловлар киритилган эди.