Эъзоза Каримова сўнгги 12 йилда бешинчи халқ таълими вазири бўлди

15:50 | 3 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистон мактабгача ва мактаб таълими тизими яна янги раҳбар қўлига ўтди. Эъзоза Ғопиржоновна Каримова Мактабгача ва мактаб таълими вазири лавозимига тайинланди. У охирги 12 йил ичида таълим тизимига раҳбарлик қилган бешинчи шахсга айланди.

E'zoza karimova

Унинг номзоди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан тасдиқланди.

Эъзоза Каримова 1973 йили Наманган вилояти Наманган туманида туғилган. 1990-1996 йилларда Тошкент давлат университетининг фалсафа факултетида таҳсил олган.

Эъзоза Каримова 2021 йилда Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлигида бўлим бошлиғи, сўнгра Президент таълим муассасалари агентлиги директори маслаҳатчиси бўлган. 2023–2024 йилларда «Янги Ўзбекистон» университетида проректор сифатида фаолият юритди. 2025 йил май ойида эса Мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари — Низомий номидаги Ўзбекистон миллий педагогика университети ректори лавозимига тайинланган.

Ўзбекистонда Халқ таълими вазирлиги 1991 йилда ташкил этилган. 2023 йил 1 январдан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига айлантирилган.

Сўнгги 10 йилда бир неча шахслар бу лавозимда фаолият юритди: 2013-2018 йилларда Улуғбек Иноятов, 2018-2021 йилларда Шерзод Шерматов, 2021-2022 йилларда Бахтиёр Саидов, 2022-2025 йилларда Ҳилола Умарова ва энди Эъзоза Каримова.

Эслатиб ўтамиз, Мактабгача ва мактуб таълими вазирлигининг аввалги раҳбари Ҳилола Умарова Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбарининг таълимни ислоҳ қилиш бўйича ўринбосари лавозимига тайинланган ва шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси мактабгача ва мактаб таълими вазири лавозимидан озод этилган эди.