FBI раҳбари махфий ҳужжатлар орасида Трамп ва Россия алоқаларига оид далилларни топди

31.07.2025 08:40 | 3 дақиқада ўқилади.

Бу ҳужжатлар 2016 йилги АҚШ сайловлари даврида Доналд Трамп ва Россия ўртасидаги эҳтимолий алоқаларга оидлиги айтилмоқда.

Trump fbi

Fox News телеканалининг хабар беришича, FBI раҳбари Кэш Пател махсус хоналардан бирига яширин қўйилган ва ёқиб юбориш учун тайёрланган sоплар орасида минглаб махфий ҳужжатларни топган.

Ҳужжатлар махсус ёқиш қутисида сақлангани ва улар орасида собиқ махсус прокурор Жон Даремнинг якуний ҳисоботига илова сифатида тайёрланган махфий маълумотлар ҳам борлиги айтилмоқда. Бу ҳужжатларда чет эл разведкаси томонидан етказилган маълумотлар ҳам қайд этилган.

Fox News манбаларига кўра, мазкур ҳужжатлар FBI (Федерал тергов бюроси)нинг Трамп ва Россия ўртасидаги эҳтимолий «маслаҳатлашув» ҳақидаги версияни тарғиб қилишдаги ролига оид далилларни ўз ичига олади. Шунингдек, ҳали ушбу мавзу кенг муҳокама бўлишидан аввал, FBI бу бўйича норасмий суриштирувни бошлагани маълум қилинган.

Хабарда таъкидланишича, мазкур ҳужжатларнинг оммавийлашуви АҚШ ҳукумати ичида Ҳиллари Клинтон сайловолди кампаниясига ёрдам бериш мақсадида махсус режа амалга оширилгани ҳақидаги гумонларни кучайтириши мумкин.

Июль ойида CIA (Марказий разведка бошқармаси) ҳам 2016 йилдаги сайловларга Россия аралашувини баҳолаш жараёнида кўплаб расмий қоидалар бузилганини билдирган эди. Шунингдек, собиқ FBI раҳбари Жеймс Коми ва CIAнинг собиқ директори Жон Бреннанга нисбатан АҚШ Адлия вазирлиги жиноий суриштирув бошлагани ҳақида маълум қилинган.

Эслатиб ўтамиз, 2025 йил март ойида Доналд Трамп Россия аралашуви бўйича FBI юритган Crossfire Hurricane суриштирувига оид барча ҳужжатларни махфийликдан чиқариш ҳақида қарор қабул қилган эди. Кейинроқ бу суриштирув давомида Трамп ва Россия ўртасида алоқалар мавжудлигига оид далиллар аниқланмагани эълон қилинган.