Кўчада ёқилган шох-шаббадан тортиб, уйда сақланган ҳайвонларгача — экологик зарарлар учун янги жарималар белгиланди

22:20 | 3 дақиқада ўқилади.

2025 йил 1 августдан Ўзбекистонда чиқиндиларни белгиланмаган жойга ташлаш, дарахтларни ноқонуний кесиш ва ҳавони ифлослаш каби ҳуқуқбузарликлар учун жарима миқдори сезиларли равишда оширилади.

Eco

Ўзбекистонда экологик тартибни бузган фуқаролар ва ташкилотлар энди анча юқори жарималарга тортилади. Вазирлар Маҳкамасининг 464-сонли қарорига мувофиқ, 2025 йил 1 августдан эътиборан атроф-муҳитга етказилган зарар учун масъулият кучайтирилади.

Белгиланмаган жойларга чиқиндилар ташлаган фуқаролар 412 минг сўмдан 1 млн 236 минг сўмгача жарима тўлайди. Хазон ва шох шаббаларни ёки ўсимликларнинг қолдиқларини ёқиб юбориш эса 1 млн 236 минг сўмдан 2 млн 60 минг сўмгача миқдордаги жарималарга сабаб бўлади.

Дарахтларни, буталарни, бошқа ўсимликларни ва ниҳолларни қонунга хилоф равишда кесиш, кундаков қилиш, шикастлантириш, йўқ қилиш ёки бошқа жойга кўчириб ўтказиш 10,3 млн сўмдан 20,6 млн сўмгача жарима билан жазоланади.

Бундан ташқари, қурилиш ишлари вақтида ҳаво муҳофазаси талабларини бузганларга 4 млн 120 минг сўм, ноқонуний ҳайвон сақловчиларга эса 2 млн 60 минг сўмдан 4 млн 120 минг сўмгача жарима белгиланган.

Табиий муҳитни тиклаш чораларини кўрмаган шахсларга эса 412 минг сўмдан 1,2 млн сўмгача жарима қўлланилади.

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш органлари давлат инспекторининг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилганлик, шунингдек унинг кўрсатмаларини бажармаслик 2 млн 60 минг сўмдан 4 млн 120 минг сўмгача жарима белгиланади.