Навоийда ҳавони ифлослаётган ўнлаб корхоналар фаолияти тўхтатилди

23:14 | 2 дақиқада ўқилади.

Навоий шаҳридаги 22 та корхона вақтинча ёпилди. Улар орасида «Навоийазот» ҳам бор. Атроф-муҳитга зарар етказаётган ишлаб чиқарувчиларга қаттиқ огоҳлантириш берилган.

NavoiyФото:gov.uz

Навоий вилоятида ҳаво ифлосланиши даражаси кескин кўтарилгани муносабати билан Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги топшириғига асосан кенг кўламли текширувлар бошланди. Тадбир натижасида бир нечта саноат корхоналари меъёрдан ортиқ зарарли моддаларни атмосферага чиқараётгани аниқланган.

Хабар қилинишича, 22 та корхона фаолияти вақтинча тўхтатилган. 19 та корхонага нисбатан судга даъво аризаси киритилган. Яна 168 та корхонада текширувлар давом этмоқда, шулардан 42 тасида қонунбузарлик ҳолатлари аниқланган. Жумладан, «Навоийазот» акциядорлик жамиятида меъёрдан ортиқ аммиак ва водород сулфид моддалари атмосферага чиқарилгани қайд этилиб, жавобгарликка тортиш чоралари кўрилган.

Эковазирлик ҳар бир аниқланган корхонага 10 кунлик муҳлат берган. Шу вақт ичида камчиликлар бартараф этилмаса, уларнинг фаолияти суд орқали тўлиқ тўхтатилиши мумкинлиги қайд этилган.