Бу ёндашувнинг марказида Афғонистонга хавфсизлик учун таҳдид эмас, балки Марказий Осиёни Жанубий Осиё ва ундан наридаги ҳудудлар билан боғловчи муҳим кўприк сифатида қараш мавжуд.
2025 йил 11 июн куни Тошкент Халқаро Инвестиция Форуми доирасида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Афғонистоннинг саноат ва савдо вазири вазифасини бажарувчи Нуриддин Азизий билан учрашди. Бу учрашув, дунё ҳамжамиятининг Толибон бошчилигидаги Афғонистон билан алоқаларни тиклаш борасида ҳали-ҳануз иккиланаётган бир пайтда, Тошкентнинг жанубий қўшниси билан савдо ва инфратузилма соҳаларида барқарор ва фаол ҳамкорликни давом эттиришга қатъий содиқлигини намоён этди. Трансчегаравий саноат зоналари, энергетика йўлаклари ҳамда йирик транзит ташаббуслари орқали Ўзбекистон ўзини минтақавий барқарорлик кафолатчиси, шу билан бирга Афғонистоннинг асосий иқтисодий ва сиёсий ҳамкори сифатида мустаҳкамлашга интилмоқда.
2021 йил августида АҚШ Афғонистондан чиқиб кетганидан буён Ўзбекистон Кобулдаги амалдаги ҳокимият билан нафақат алоқаларни сақлаб қолишга, балки уларни янада кенгайтиришга тайёр бўлган кам сонли давлатлардан бири сифатида ажралиб туради, деб ёзмоқда The National Interest нашри.
Прагматик бурилиш
Толибон ҳокимиятга қайтганидан бери Афғонистон маълум даражада ички барқарорликни тиклади. Амалдаги ҳукумат деярли барча вилоятларни назорат қилмоқда ва транспорт, алоқа, суғориш ҳамда саноат соҳаларида инфратузилма лойиҳаларини бошлаган. Бироқ бу саъй-ҳаракатлар оғир иқтисодий инқироз, кескин озиқ-овқат танқислиги, иқлим ўзгариши туфайли юзага келган офатлар ҳамда сунъий наркотиклар ишлаб чиқаришининг хавотирли даражада ошиши каби жиддий муаммолар фонида олиб борилмоқда. Шу билан бирга, «Ислом давлати – Хуросон» каби террористик гуруҳларнинг давом этаётган фаолияти ҳам минтақа учун сезиларли хавф туғдирмоқда.
Ўзбекистон учун бу хавфлар узоқдаги таҳдид эмас. Афғонистондаги беқарорлик қочқинлар оқими, радикаллашув, чегара орқали жангарилик ва савдо йўлларининг издан чиқиши каби ҳолатларга олиб келиши мумкин — буларнинг барчаси Ўзбекистоннинг миллий манфаатларига бевосита хавф туғдиради. Бу ҳолатни чуқур англаган Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигидаги ҳукумат ташқи сиёсатини қайта кўриб чиқди ва Афғонистоннинг яна изоляцияга тушиб қолишининг ҳамда беқарорлик ўчоғига айланишининг олдини олиш мақсадида доимий мулоқот, прагматик ҳамкорлик ва фаол дипломатик алоқаларни йўлга қўйди.
2021 йил августидан бери Ўзбекистон Афғонистонга ўн марта инсонпарварлик ёрдамини юборган. Бироқ бундан ҳам эътиборга молик ташаббус бу — 2024 йил август ойида Термизда, Афғонистон чегарасига яқин жойда ташкил этилган Айритом Эркин Иқтисодий Зонаси (Айритом) ҳисобланади. Ушбу зона БМТ Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги (УНҲCР)нинг Глобал таъминот тармоғига интегратсиялашган бўлиб, 36 гектар майдонни эгаллаган. Ҳудудда божхона пункти, логистика инфратузилмаси, олий таълим муассасалари, банклар, меҳмонхоналар ва замонавий шифохона мавжуд. Зона тўлиқ ишга тушгач, йилига 900 минг тонна юк ва 1,5 миллион ташрифчини қабул қилиш имкониятига эга бўлади. Кутилаётган йиллик савдо айланмаси эса 1,2 миллиард АҚШ долларига етади.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги савдо ҳажми барқарор ўсиб бормоқда. Ўзбекистон Инвеститсиялар, саноат ва савдо вазирлигининг маълумотларига кўра, Афғонистон ҳозирда Ўзбекистоннинг экспорт бўйича бешинчи йирик бозорига айланган. 2023 йилда икки томонлама савдо ҳажми 866 млн долларни ташкил қилган бўлса, 2024 йилда бу кўрсаткич 1,1 млрд долларга етди, шундан Ўзбекистон экспорти 1 млрд доллардан ошди. Келгуси йилларда ушбу кўрсаткични 3 млрд долларга етказиш режалаштирилган.
2024 йил ҳолатига кўра, Ўзбекистонда Афғонистон капитали иштирокидаги 550 та корхона фаолият юритмоқда, шулардан 443 таси афғон мулкига эга. Ҳозирда озиқ-овқатни қайта ишлаш, қурилиш материаллари, қишлоқ хўжалиги, туризм ва тўқимачилик соҳаларида қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Минтақавий боғлиқлик бўйича Стратегик Дастур
Ўзбекистоннинг Афғонистон бўйича сиёсати нафақат гуманитар ёрдам ва савдо алоқаларини ривожлантиришни, балки минтақавий боғлиқликни янгича форматда шакллантиришга қаратилган дадил стратегик концепцияни ҳам ўз ичига олади. Бу борадаги энг йирик ва рамзий лойиҳа — Транс-Афғон темирйўл йўлаги бўлиб, у Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистонни боғловчи темирйўл тармоғини ташкил этади. Мазкур йўл орқали Марказий Осиё давлатлари Афғонистон ҳудуди орқали Покистоннинг Карачи ва Гвадар портларига чиқиш имкониятига эга бўлади.
Сўнгги йилларда ушбу темир йўл лойиҳаси бўйича ишлар жадаллашди. 2023 йил май ойида Тошкент темир йўл қурилишини мувофиқлаштириш бўйича Лойиҳалар офисини очди, унинг филиаллари Кобул ва Исломобод шаҳарларида ташкил этилди. 2023 йил июль ойида якуний йўналиш — «Термиз–Наибобод–Логар–Харлачи» бўйича келишувга эришилди. Август ойида эса Ўзбекистон томонидан қайта тикланган Наибобод станциясига илк юк вагонлари етиб борди. Бу воқеа минтақавий боғлиқлик йўлида муҳим тарихий босқич бўлди.
Ўтган йили Ўзбекистон Афғонистон ва Бирлашган Араб Амирликлари билан Ўзбекистон–Афғонистон–Покистон темир йўли учун техник-иқтисодий асос (feasibility study) тайёрлаш бўйича битим имзолади. Қурилиш ишлари жорий йилда бошланиши режалаштирилган. Темир йўлнинг умумий узунлиги 475 мил (тахминан 765 км) бўлиб, қиймати 4,8 млрд доллардан 6 млрд долларгача баҳоланмоқда. Лойиҳа 5 йил ичида якунланиши кутилмоқда.
Ўзбекистонлик экспертлар фикрича, ушбу темир йўл Ҳинд океани портларига юк ташиш харажатларини 30–40 фоизга камайтириши мумкин. Йиллик юк ташиш ҳажми эса 2030 йилга бориб 22 млн тоннага, 2040 йилгача эса 34 млн тоннага етиши прогноз қилинмоқда. Бу юкларнинг 20 фоиздан ортиғи Афғонистон орқали ўтиши режалаштирилган бўлиб, бу Марказий Осиё ва Жанубий Осиё ўртасидаги савдо алоқаларини силлиқ ва узлуксиз амалга оширишга хизмат қилади.
Яна бир стратегик ташаббус бу — Сурхон–Пули-Хумри электр узатиш линияси бўлиб, у Афғонистонни минтақавий энергия тизимига интеграция қилиш учун мўлжалланган. Ушбу юқори кучланишли электр тармоғи 1000 MW қувватга эга бўлиб, Афғонистоннинг энергия тизимини Ўзбекистон ва кенгроқ Марказий Осиё тармоғи билан боғлайди. Шунингдек, бу лойиҳа CАСА-1000 (Тожикистон, Қирғизистон, Афғонистон ва Покистон ўртасидаги энергетика ҳамкорлиги) ташаббуси билан ҳам интегратсиялашуви мумкин.
Лойиҳанинг қиймати 186 млн доллар деб баҳоланмоқда ва у 2025 йилдан 2028 йилгача бўлган икки босқичда якунланиши режалаштирилган. Ушбу 500 kW кучланишдаги электр узатиш линияси ишга тушгач, Ўзбекистоннинг Афғонистонга электр энергияси экспорти 70 фоизга ошиши кутилмоқда. Бу орқали Ўзбекистон кунига 24 млн kWh, йилига эса 6 млрд kWh электр энергияси етказиб бера олади. Лойиҳа умумий узунлиги 152,6 мил (тахминан 245 км) бўлиб, шундан 28 мили Ўзбекистон ҳудудида аллақачон қуриб битказилган, қолган 124,6 мили эса Афғонистон ҳудудида қурилиши керак. Ушбу электр линиясининг қуввати нафақат Афғонистонда электр таъминотини яхшилайди, балки Ҳайратон–Мозори Шариф темир йўл линиясини электрлаштиришга ҳам хизмат қилади. Бу эса дизел ёқилғисида ишлайдиган поездлар ўрнига электр поездларидан фойдаланишга имкон яратиб, транспорт харажатларини сезиларли даражада камайтиради.
Инсон манфаатларига йўғрилган ҳамкорлик
Савдо ва инфратузилма соҳаларидаги лойиҳалар кўпроқ оммавий эътиборни тортаётган бўлса-да, Ўзбекистоннинг Афғонистон билан ҳамкорлиги инсон капиталини ривожлантиришга ҳам алоҳида урғу бермоқда. 2018 йилдан буён фаолият юритаётган Афғон фуқароларини ўқитиш маркази (ЭCТАC) орқали 700 дан ортиқ афғон талабаси, жумладан 200 нафар аёл, ахборот технологиялари, агробизнес, туризм, тикувчилик ва маркетинг йўналишларида таълим олди. Европа Иттифоқи ва БМТ Тараққиёт Дастурининг кўмагида бу дастур 2025 йилгача кенгайтирилмоқда. Мазкур ташаббус Афғонистоннинг тикланиш жараёнлари учун зарур бўлган малакали кадрлар захирасини шакллантиришга қаратилган.
Келажакка назар ташлар эканмиз, ESTAS тажрибасига асосланиб, Ўзбекистон Термизда Афғон фуқаролари учун қайтиш ва реинтеграция маркази ташкил этиш орқали ижобий рол ўйнаши мумкин. Бундай ташаббус ўтган ой Марказий ва Жанубий Осиё боғлиқлиги бўйича Термиз мулоқотида муҳокама қилинган эди. Мазкур таклиф этилаётган марказ АҚШ, Европа Иттифоқи ёки бошқа Ғарб давлатларидан депортация қарорига дуч келган афғон фуқаролари учун нейтрал ва хавфсиз транзит нуқтаси бўлиб хизмат қилиши мумкин. У халқаро ҳуманитар ва ҳуқуқий стандартларга асосланган ҳолда, логистик ва ҳуқуқий муаммоларни ҳал этишга кўмаклашади ҳамда асосий инсон ҳуқуқларини таъминлашга қаратилади. Бундай марказ минтақада ҳуқуқ асосидаги миграция дипломатиясининг намунаси бўлиши эҳтимолига эга.
Умуман олганда, Ўзбекистоннинг Афғонистон бўйича сиёсати катта мақсадларни ўз ичига олади, бироқ бу йўл хатарлардан холи эмас. Инфратузилма ва тараққиётга оид кенг кўламли лойиҳаларнинг муваффақияти нафақат Тошкентнинг стратегик қарашига, балки Афғонистоннинг қўшни давлатлари билан конструктив ҳамкорлигига ҳамда Толибон ҳукуматининг асосий барқарорликни таъминлаш қобилиятига боғлиқ. Энг пухта ишлаб чиқилган ташаббуслар ҳам агар минтақавий мулоқот ва ўзаро ишончни мустаҳкамловчи чоралар бўлмаса, муваффақиятсизликка учраши мумкин.
Кобул эса, ўз навбатида, барқарорлик, иқтисодий ҳамкорлик ва минтақавий тотувликка содиқлигини изчил намоён этиши зарур. Акс ҳолда, ҳатто энг прагматик минтақавий ҳамкорларнинг ҳам ҳамкорликка тайёрлиги синовдан ўтиши мумкин. Шунингдек, Афғонистоннинг малакали диаспораси — олимлар, муҳандислар ва мутахассисларнинг ватанга қайтиши ҳам ниҳоятда муҳим. Уларнинг билим ва тажрибаси салоҳиятни ошириш ва узоқ муддатли қайта тиклаш жараёни учун зарур омилдир.
Катта давлатлар ўртасидаги рақобат ва чуқур илдиз отган хавфсизлик муаммолари билан юзма-юз келаётган минтақада Ўзбекистон ўзининг уланишга асосланган, иқтисодий прагматизм ва инсон манфаатларини устувор қўювчи дипломатия моделини таклиф қилмоқда. Бу модел Афғонистонда давом этаётган беқарорлик шароитида ўзини сақлаб қола оладими — буни вақт кўрсатади. Аммо айни дамда Тошкент бошқалар иккиланаётган бир вазиятда етакчиликни ўз зиммасига олишга қатъий бел боғлаганини кўрсатмоқда.