Янги тартиб асосида корпоратив омонатларнинг кафолатланиши ва фоиз ставкаларнинг бирхиллаштирилиши натижасида депозитлар оқими тобора давлат банклари томонга оғмоқда.
Марказий банк 2025-йилнинг 1 июл ҳолатига кўра тижорат банкларининг кредит ва депозит тўғрисидаги ҳисоботини эълон қилди.

Қайд қилинишича, Ўзбекистон банкларининг жами кредит портфели 575,2 трлн сўмни ташкил қилади. Шундан 196,8 трлн сўм жисмоний шахсларга тегишли бўлса, 378,3 трлн сўми юридик шахслар томонидан олинган.
Давлат банклари орасида кредит бўйича етакчиликни 109,3 трлн билан Ўзмиллийбанк эгаллаган. Ундан кейин Агробанк (73,9 трлн сўм), Ўзсаноатқурилишбанк (68,8 трлн сўм) ва Асакабанк (39,9 трлн сўм) туради.
Хусусий, яъни давлат улуши бўлмаган банклар орасида эса Ипотека ва Капитал банкнинг кредит портфели энг юқори кўрсаткичда, яъни иккаласи ҳам 35 трлн сўмдан юқори.
Депозит
Июн ойи давомида банкларнинг депозит портфели 10,0 трлн сўмга ортиб, 355,6 трлн сўмга етган. Аҳоли омонатлари 2,9 трлн сўмга, корпоратив депозитлар эса 7,1 трлн сўмга кўпайган.
«Депозит ва омонатларни кафолатлаш тизими ўзгаргач (механизмга корпоратив депозитлар ҳам қўшилгач) ва фоиз ставкалар потологи маъмурий бирхиллаштирилгач, депозитлар давлат бонкалари томон фаол оқа бошлаган. Эҳтимолки, 200 млн сўмгача чекланган ҳимоя механизмида депозиторлар «ёпилмайди» деб ҳисобланадиган давлат бонкаларида (уларнинг аксари тизимли) кўпроқ кафолат кўришмоқда», — деб иқтисодчи Отабек Бакиров ёзмоқда.
Ой мобайнида энг кўп депозит жамғарган банклар — Миллийбанк (+2,6 трлн сўм), Ўзсаноатқурилишбанк (+1,8 трлн сўм) ва Агробанк (+1,3 трлн сўм) бўлган. Аҳоли омонатларини жалб қилишда Агробанк 1,1 трлн сўм жамғариб, 24,9 трлн сўм билан мутлақ етакчилик қилган.
«Хусусий банклар, хусусан шу пайтгача омонатлар бозорида ҳароратни белгилаган онлайн банклар жуда камтарона натижалар кўрсатишмоқда (фоизлар ва кафолатлар чеклангани шароитида табиийки, давлат бонкалари танланади)», — дейди Бакиров ўз блогида.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон банклари 2025 йилнинг биринчи ярмида қанча фойда олгани ҳақида хабар берган эдик.
Маҳлиё Ҳамидова тайёрлади.