Ўзбекистонда ёшларнинг ишсизлик даражаси: нега кўрсаткичлар ошиб бормоқда?

18:00 | 9 дақиқада ўқилади.

2024 йилги статистикага кўра, Ўзбекистонда ёшларнинг ишсизлик даражаси меҳнат бозоридаги рақобатнинг кучайиши ва янги иш ўринларининг етишмаслиги сабабли 2023 йилдагидан ортган. Ёш ишчи кучининг 5 фоизи муносиб иш топа олмаганлиги сабабли иш қидиришни тўхтатган.

Ishsiz yoshlar

2021-2024 йиллар давомида Ўзбекистонда ёшларнинг ишсизлик даражаси қуйидагича:

2021 йилда 15–24 ёшдаги ёшлар орасида ишсизлик даражаси 13,04 фоизни ташкил этди. Бу кўрсаткич 2020 йилдаги 12,83 фоизга нисбатан бироз ошган эди. 2022 йилда эса бу рақам 10,96 фоизга тушган. 2023 йилда ёшлар ишсизлиги даражаси 10,86 фоизни ташкил этган бўлиб, бу статистика 2022 йилга нисбатан бироз пасайишни кўрсатди. 2024 йилда эса бу кўрсаткич 10,94 фоизга кўтарилди, бу эса меҳнат бозоридаги рақобатнинг кучайиши ва янги иш ўринларининг етишмаслиги билан изоҳланади.

Stat frb uz
Фото: Federal Reserve Bank

Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги томонидан 2024 йилда ўтказилган брифингда маълум қилинишича, 342 мингга яқин ёшлар ишсиз бўлиб, бу муаммонинг кўламини яққол кўрсатади.

Маълум статистикаларга кўра, расмий секторда 6,8 миллион киши фаолият юритмоқда. Шунингдек, 5,5 миллион киши норасмий секторда ишлайди, бу эса расмий статистикада акс этмайди ва ишсизлик даражасини аниқ баҳолашни қийинлаштиради. Шунингдек, хорижда ишлаётган ёшлар сони ҳам сезиларли даражада кўп. Расмий маълумотларга кўра, чет элда меҳнат қилаётган ўзбекистонликлар сони 2 миллион нафар бўлса-да, амалда бу рақам икки баробар юқори бўлиши тахмин қилинмоқда.

Ёшларнинг аксарияти қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, қурилиш ва хизмат кўрсатиш каби турли соҳаларда фаолият юритмоқда.

Ўзбекистон ҳукумати ёшларни ўқитиш ва уларга карера қуришда ёрдам бериш учун турли лойиҳаларни амалга оширмоқда. Жумладан, бепул тил ўрганиш курслари ташкил этилмоқда. Бундан ташқари, ҳукумат IELTS, TOEFL, SAT ва бошқа имтиҳонларда 70 фоиз ва ундан юқори балл тўплаган ёшларнинг имтиҳон харажатларини қоплаш тўғрисидаги қонунни имзолади.

Ўзбекистон Миграция агентлиги Германия ва Буюк Британия каби ривожланган давлатлар билан ўзбекистонликларга хорижда иш имкониятларини тақдим этиш бўйича келишувлар имзолади. Шунингдек, 152 минг 742 нафар ёшга қишлоқ хўжалиги лойиҳаларини бошлаш учун 56 минг гектар унумдор ер ажратилди.

Бироқ, ҳали ҳам ишсиз ёшлар сони анча юқори. Аслида, ёшлар орасида меҳнатга бўлган рағбатнинг 5 фоизга тушиб кетиши ёшларни иш билан таъминлаш сиёсатини янада такомиллаштириш зарурлигини кўрсатмоқда. Содда қилиб айтганда, ёш ишчи кучининг 5 фоизи муносиб иш топа олмаганлиги сабабли иш қидиришни тўхтатган.

АҚШнинг Wooster иқтисодиёт коллежи талабаси Адҳамжон Жанобиддиновнинг маълум қилишича, Ёшлар ишсизлигининг юқори даражада бўлишига қуйидаги омиллар сабаб бўлмоқда:

Ўзбекистонда ёшлар ишсизлигини келтириб чиқарадиган учта асосий муаммо мавжуд.

Биринчидан, кўникмаларнинг мос келмаслиги мавжуд бўлиб, мактаб ва олий ўқув юртлари битирувчиларининг меҳнат бозори талабларига жавоб беришини қийинлаштиради. Масалан, сўнгги пайтларда IT ва сунъий интеллект билимларини талаб қиладиган иш ўринлари сони ортиб бормоқда, мактаб ўқув дастури эса унчалик ўзгармаган. Бундан ташқари, жаҳон стандартларига жавоб берадиган малакали ишчи кучини ишлаб чиқариш учун таълим тизимида қўшимча ўзгаришлар зарурати мавжуд.

Иккинчи асосий муаммо — бу хусусий секторнинг чекланган ўсиши. Мамлакат аҳолиси тобора кўпайиб бораётгани сабабли, давлат тасарруфидаги саноат тармоқлари барча номзодларни ишга қабул қила олмаслиги мумкин. Бундай ҳолларда хусусий секторни янада ривожлантириш зарур. Сўнгги йилларда Ўзбекистонда мамлакатни хорижий инвесторлар учун қулай инвестиция муҳитига айлантириш бўйича турли сиёсат олиб борилмоқда.

Ўзбекистон аҳолисининг ярми қишлоқ жойларда истиқомат қилади. Натижада, мамлакатнинг кўплаб чекка ҳудудларида ресурслар ва иш ўринларидан фойдаланиш имконияти чекланган. Бу эса ёшлар орасидаги ишсизликнинг учинчи асосий сабабидир.

Мумкин бўлган ечимлар хусусида, таълим тизимини ислоҳ қилиш мамлакатда ҳам, ундан ташқарида ҳам меҳнат қила оладиган малакали ишчи кучини шакллантиришнинг энг самарали усулларидан биридир.

Бундан ташқари, таълим тизимини такомиллаштириш ва замонавий фанларни ўрганиш учун имкониятлар яратиш орқали Ўзбекистонни глобал IT марказига айлантириш мумкин. Бу эса ёшларга уйдан чиқмаган ҳолда дунёнинг турли компанияларида ишлаш имконини беради.

Таъкидлаш жоизки, ёшларни тадбиркорликка рағбатлантириш муҳим аҳамият касб этади, чунки бу мамлакат ривожига ҳисса қўшиши ва янги иш ўринлари яратиши мумкин. Шунингдек, хорижий инвестицияларни жалб қилиш, мамлакатда янги заводлар қуриш ва янги офислар очиш орқали ёшлар учун меҳнат бозорида мавжуд иш ўринлари сонини кўпайтириш мумкин.

Хулоса қилиб айтганда, кўникмаларнинг мос келмаслиги, аҳоли сонининг тез ўсиши, хусусий сектор ўсишининг чекланганлиги ва мамлакатнинг чекка ҳудудларида ресурсларнинг етишмаслиги ёшлар ишсизлигининг асосий сабабларидир. Бироқ таълимни ислоҳ қилиш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва IT каби талаб юқори бўлган соҳаларга эътибор қаратиш орқали бу муаммони ҳал қилиш ва ёшлар учун кўпроқ иш ўринларини яратиш мумкин.

Меҳриноза Фармонова тайёрлади.