Россия ҳудудида юритилаётган ёпиқ ҳарбий хизматга ёллаш жараёнларига оид маълумотлар ортиб бормоқда. Россия Қуролли Кучлари таркибида жанг қилиш учун 2025 йилнинг ўзида камида 902 нафар Ўзбекистон фуқароси жалб этилгани аниқланган.
Маълумотларга кўра, бу шахслар шартнома асосида ҳарбий хизматга олинган бўлса-да, уларнинг кўпчилиги бу қарорни ишсизлик, алдов ёки мажбурий вазиятлар туфайли қабул қилган. Айни пайтда Украина ҳудудида жанглар вақтида асирга тушган чет элликлар сони бўйича Ўзбекистон биринчи ўринда турибди — украин расмийларига кўра, бугунги кунда 33 давлат фуқароси асирликда, улар орасида энг кўпи ўзбекистонликларни ташкил этади.
Журналистик текширувларга кўра, 2025 йил 5 июн куни Қурск вилоятидаги “Постоялые Дворы” полигонида Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги делегациясининг ёпиқ ташрифи бўлиб ўтган. Бу ҳодиса расмий манбалар томонидан изоҳланмаган.
Москвадаги ўзбекистонлик ёлланма жангчилардан бири – аралаш жанг санъати билан профессионал тарзда шуғулланган спортчи йигит арманлар таклифи билан жанг ўтказиш мақсадида Москва шаҳрига борган. Аммо у кутилмаган муаммолар туфайли ҳақиқий жангга, яъни урушга боришга мажбур бўлган. Луганскдаги жангда бир кўзидан айрилган йигит судда тикланиш таътилида Ўзбекистоннинг Москва шаҳридаги элчихонасига борганини, бироқ улар ёрдам бермаганини айтган.
Мутассаддилар бу ҳолатга нисбатан ҳозирча расмий муносабат билдиргани йўқ.