Сертификати йўқ ўқитувчиларни ишдан бўшатиш – қонунга зид ҳаракат

12:30 | 2 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистонда хорижий тилларни ўқитишни яхшилаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 312-сон қарори ва PQ-5117-сонли Президент қарори қабул қилинган. Бу қарорларга кўра, 2025/2026 ўқув йилидан бошлаб хорижий тил ўқитувчилари В2 даражадаги тил сертификатига эга бўлиши лозим. Аммо ушбу ҳужжатларда сертификати йўқ ўқитувчилар билан меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақида ҳеч қандай кўрсатма берилмаган.

O'qituvchi

Меҳнат кодекси, «Педагогнинг мақоми тўғрисида»ги Қонун ва Тармоқ жамоа келишуви бу каби бекор қилиш ҳолатларини ҳуқуқий асосдан маҳрум деб билади. Агар сертификат талаб этилса ҳам, дастлаб ўқитувчилар учун тайёрлов ва малака ошириш курслари ташкил қилиниши шарт. Чунки бакалавр даражасидаги педагоглар тўлиқ меҳнат қилиш ҳуқуқига эга.

Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси ушбу масала юзасидан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига мурожаат йўллади (https://t.me/talimfankasaba/3315). Унда иш берувчилар ва масъулларга В2 сертификати бўлмаган ўқитувчиларни ишдан бўшатиш жараёнини тўхтатиш, 312-сон қарорга ўзгартириш киритиш, қонунбузар раҳбарларга интизомий чора кўриш, камситиш ҳолатларига чек қўйиш каби расмий кўрсатмалар бериш сўралди.

Меҳнат кодексининг 54 ва 8-моддаларида аниқ таъкидланишича, янги норматив ҳужжатлар ходимнинг мавжуд ҳуқуқларини ёмонлаштириши мумкин эмас. «Касаба уюшмалари тўғрисида»ги Қонуннинг 38-моддаси эса ходим манфаатларини ҳимоя қилишни кафолатлайди.

Шу сабабли, сертификат йўқлиги ишдан бўшатишга асос бўла олмайди. Бу амалиётлар тўхтатилиши ва қонун доирасида ҳал этилиши керак.