Ғазо секторидаги уруш ва қамал туфайли кундалик эҳтиёж маҳсулотлари — шакар, ёғ ва нон каби озиқ-овқатлар дефитситга айланди. Қабилалар кенгаши вакили Хайл Абу ал-Ҳусайннинг маълум қилишича, «бир килограмм шакар, агар у умуман топилса, 100 доллар туради. Одамлар ёрдам карвонларига том маънода бостириб киришга мажбур. Маҳаллий аҳоли кўчаларда, чодирларда яшамоқда».
Al Qahera News маълумотига кўра, Мисрдан жўнатилган тўртинчи гуманитар карвон чоршанба куни Ғазога кирди. Сўнгги кунларда камида 5 минг тонна озиқ-овқат, зарурий буюмлар ва дори-дармон олиб келинган. Аммо гуманитар ташкилот вакиллари давом этаётган қирғинбарот уруш шароитида ушбу ёрдамни аҳоли ўртасида нормал тақсимлашнинг иложи йўқлигини таъкидламоқда.
БМТнинг UNRWA агентлиги «X» ижтимоий тармоғида Ғазодаги ходимларидан бирининг мурожаатини эълон қилди.
«Ғазода очлик энди соя эмас, у доимий ҳамроҳга айланди. Ҳар куни тонгда бир хил савол билан уйғонаман: бугун болаларимга нон топа оламанми? Бир бўлакча нон хазинага айланган, бир қошиқ гуруч — табассум учун сабаб. Болаларим овқат сўрайди, лекин шундан кейинги сукут ҳар қандай бомбадан ҳам баланд овоз чиқаради», дейди у.
Исроилнинг Ғазога қарши урушида камида 60 249 киши ҳалок бўлди, 147 089 киши эса жароҳатланди.