Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ушбу ов 2024 йилда белгиланган қонуний тартиб асосида амалга оширилганини билдирди. Вазирлик маълумотига кўра, овчи тўлов асосида махсус рухсатнома олган ва 100 000 АҚШ доллари миқдорида маблағ тўлаган.
Ўзбекистон қонунчилигига кўра, Қизил китобга киритилган ёввойи ҳайвонлар сони Фанлар академияси мутахассислари томонидан доимий ҳисоблаб борилади ва уларнинг хулосасига асосан популяцияга таъсир қилмайдиган миқдорда овлаш учун рухсат берилади. Бунинг учун белгиланган тартибда тўлов ундирилади.
Таъкидланишича, «Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида»ги Қонунга кўра, ҳар йили ёввойи ҳайвонларни тутиш учун квота белгиланади. Бунда ёввойи ҳайвонларнинг энг ёши каттаси, насл қолдириш давридан ўтган эркагини овлашга рухсат берилади ва жараён қатъий назорат остида амалга оширилади.
Расмий маълумотга кўра, бундай овлаш амалиёти бошқа давлатларда ҳам жорий қилинган. Масалан, Намибияда шундай овлардан йилига 3 миллион доллардан ортиқ даромад олинади. Шунингдек, Тожикистон ва Мўғулистонда ҳам маълум сондаги йирик ҳайвонлар овлаш учун рухсатномалар берилади.