Тошкент—Самарқанд ва Тошкент—Андижон пулли йўллари қурилиши 2026 йилга қолдирилди

19:20 | 2 дақиқада ўқилади.

2025 йилда бошланиши режалаштирилган Тошкент-Самарқанд ва Тошкент-Андижон пулли автомобил йўллари қурилиши бир йилга кечиктирилди. Янги режа бўйича қурилиш 2026 йилда бошланади ва халқаро молия институтлари маблағлари жалб этилади.

Tash sam

Ўзбекистонда икки муҳим йўналиш — Тошкентдан Самарқанд ва Андижонга пулли автомобил йўллари қурилиши 2026 йилда старт олиши мумкин. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг 2026–2028 йилларга мўлжалланган фискал стратегиясида маълум қилинди.

Мазкур лойиҳалар аввалроқ 2025 йилда амалга оширилиши режалаштирилган эди. Аммо ҳужжатдаги янгиланган маълумотларга кўра, амалий ишлар камида бир йилга кечиктирилади. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги қурилишларни халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобига амалга оширишни мўлжалламоқда.

Шу билан бирга, вазирлик халқаро автомагистрал йўлларни таъмирлаш ва янгилаш, шунингдек, мавжуд инфратузилмани ривожлантириш бўйича кенг қамровли чора-тадбирлар дастурини амалга оширишни ҳам назарда тутмоқда. Бунда хорижий мамлакатлар тажрибаси ва замонавий ёндашувлардан фойдаланиш режалаштирилган.

Қайд этиш жоизки, Тошкент-Самарқанд ва Тошкент-Андижон пулли йўллари мамлакатнинг иқтисодий жиҳатдан муҳим ҳудудларини боғлайди ва транзит салоҳиятини оширади. Шу боис мазкур лойиҳалар стратегик аҳамиятга эга бўлиб, Ўзбекистонда транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш режасининг бир қисми саналади.