Жанубий Корея билан «тўлиқ ва мукаммал» келишувга эришилгани айтилди. Шу муносабат билан ушбу мамлакатдан олиб кириладиган автомобил ва чипларга 15 фоиз, металл маҳсулотларига эса бутун дунёга жорий қилинган 50 фоизлик умумий бож ставкаси татбиқ этилади. Келишув доирасида Корея АҚШ иқтисодиётига 350 млрд доллар сармоя киритиши кўзда тутилган. Бунинг 150 млрд доллари ҳарбий кемаларни қуриш каби соҳаларга йўналтирилади.
Корея президенти Ли Же Мён ушбу битимни миллий манфаатларга мос келишув деб баҳолаб, АҚШдан келадиган гуруч ва мол гўшти импортини оширмаслик шарти сақланиб қолганини муҳим ютуқ сифатида қайд этди.
Ҳиндистонга нисбатан эса Трамп анча кескин чоралар кўришини маълум қилди. 1 августдан бошлаб ушбу мамлакатдан олиб кириладиган маҳсулотларга 25 фоизлик бож ставкаси жорий этилади. Шунингдек, Ҳиндистоннинг Россиядан қурол-яроғ ва нефть харид қилиши учун «алоҳида жазо солиғи» қўлланиши кўзда тутилмоқда, гарчи бу чорага аниқлик киритилмаган бўлса-да.
Трамп Ҳиндистонни «дўст» деб атаган бўлса-да, у мамлакат товарларига қўйиладиган бож ставкалари жаҳондаги энг юқори кўрсаткичлардан бири бўлишини маълум қилди. У шу билан бирга, Ҳиндистоннинг Россия билан савдоси Украинадаги можарони тугатишга тўсқинлик қилаётганини таъкидлади.
Ҳиндистон ҳукумати эса «ўзаро манфаатли ва мувозанатли» келишувга интилишини билдирди. 2024 йилда АҚШ ва Ҳиндистон ўртасидаги савдо ҳажми 190 млрд долларни ташкил қилган бўлиб, савдо камомади 45,8 млрд долларни ташкил этди. Томонлар бу рақамни 500 млрд долларга етказишни мақсад қилган.