Wi-Fi тарихда қолиши мумкин: янгича алоқа тизими ва ёруғлик бирлашмоқда

17:40 | 3 дақиқада ўқилади.

Кореялик олимлар яратиб берган Li-Fi технологияси анъанавий Wi-Fi ўрнини босишга тайёр. У нафақат маълумотларни юқори тезликда узатади, балки ёруғлик орқали юқори хавфсизликни ҳам таъминлайди.

Li fi

Маълумот алмашинувида инқилобий ёндашув сифатида баҳоланаётган Li-Fi технологияси радиотўлқинлар ўрнига кўзга кўринувчи ёруғлик спектрида ишлайди. Бу технология маълумотларни LED чироқлар орқали узатишга асосланган бўлиб, Wi-Fi’га нисбатан ҳам хавфсиз, ҳам тезкор ҳисобланади. Чироқлар одам кўзи сезмайдиган даражада тез ёниб-ўчиб, маълумот сигналларини яратади. Улар махсус қабул қилувчи қурилмалар ёрдамида қайта ишланади ва фойдаланувчига етказилади.

Li-Fiнинг асосий афзаллиги — унинг сигналлари фақат ёруғлик тарқалган ҳудудда ишлайди. Шу боис, маълумотлар ҳеч қандай ташқи муҳитга чиқмайди ва бузиб кириш эҳтимоли деярли йўқ. Бу эса давлат идоралари, молия тизимлари, армия ва хусусий маълумотлар билан ишловчи секторлар учун катта аҳамиятга эга.

Гарчи аввал Li-Fi тизимларида шифрлаш учун алоҳида дастурий ёрдам керак бўлса, Кореядаги KAIST университети ва Корея стандартлар ва илмий тадқиқот институти бу муаммони бартараф этди. Улар ишлаб чиққан янги ускуна маълумотларни нафақат узатади, балки бир вақтнинг ўзида ёруғлик орқали шифрлайди ҳам. Бу функция ташқи дастурий таъминотга эҳтиёжни йўқотади ва хавфсизлик даражасини янада оширади.

Таҳлилчилар фикрича, Li-Fi технологияси нафақат уйларда, балки саноат автоматлаштириш, автопилот тизимлари, ақлли шаҳар лойиҳалари ва тиббиёт каби соҳаларда ҳам кенг қўлланилиши мумкин. LED ёруғлик тизимлари дунё бўйлаб оммалашаётгани эса Li-Fi учун зарур инфратузилмани таъминлашни осонлаштиради. Шунингдек, у электромагнит ифлосланишни камайтириши орқали экологик жиҳатдан ҳам маъқул ҳисобланади.