31 июл куни Президент Шавкат Мирзиёев қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш ва унда космик маълумотлардан кенг фойдаланиш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди. Бу учрашув аввалроқ ўтказилган видеоселектор йиғилиши мантиқий давоми бўлди, дея хабар бермоқда Президент матбуот хизмати. Давлат раҳбари ер ва сув ресурсларидан унумли фойдаланишнинг муҳимлигига алоҳида урғу берган.
Президент фармонига кўра, «Ўзбеккосмос» агентлиги орқали 4 миллион гектардан зиёд ерда космик мониторинг ўтказилган. Натижада айрим ерларда экинлар умуман экилмагани ёки ноаниқ мулкдорлар номига экилгани аниқланган. Бундай ҳолатларни бартараф этиш мақсадида кредитларни масофавий назорат қилиш тизими жорий этилади.
Хабар берилишича, сув тақчиллиги шароитида кам сув талаб қилувчи экинлар ва янги агротехнологиялар муҳим аҳамият касб этмоқда. Бироқ ҳозирдаги суғориш меъёрлари амалдаги шароитга мос эмаслиги қайд этилди. Шу сабабли суғориш меъёри ва гидромодул районлаштириш тизимини янгилаш топширилди.
Фермерлар сарфлаётган сувнинг ҳалигача аниқ ҳисоби йўқлиги қайд этилиб, бунинг барча босқичларини рақамлаштириш, сувнинг контурма-контур ҳисобини юритиш зарурлиги таъкидланган. Сўнгги икки йилда 60 та йирик сув омбори илк бор батиметрик таҳлилдан ўтказилди ва айримларида сиғим камайгани маълум бўлди.
«Ер билан сув қишлоқ хўжалигимиз тақдирини ҳал қилувчи масала», – деган Шавкат Мирзиёев.
Қайд этилишича, фермерлар учун «Рақамли қишлоқ хўжалиги» номли ягона платформа яратилади. У орқали фермерлар экин турини мустақил танлаб, маълумотларни онлайн киритади. Бу озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва бозорда барқарор нарх шакллантиришда муҳим рол ўйнайди. Шунингдек, 100 та замонавий дрон олиб келиниши, улар ёрдамида хизматларни ташкил этиш ва хусусий секторни жалб қилиш белгиланган.
Йиғилишда сомонпояларни ёқишга чеклов киритиш, шунингдек, қурилиш, кадастр, ўрмон ва яйлов ерларига оид космик таҳлиллардан фойдаланиш юзасидан вазир ва ҳокимларга топшириқлар берилган.