Европа Иттифоқи 2025 йил 12 октябрдан бошлаб янги Кириш ва Чиқиш тизимини (Entry/Exit System, EES) босқичма-босқич жорий этишни бошлайди. Бу тизим анъанавий паспортга муҳр босиш ўрнига биометрик маълумотлардан фойдаланган ҳолда рақамли рўйхатдан ўтказишни амалга оширади.
Тизимга кўра, сайёҳлар чегарани биринчи марта кесиб ўтаётганида улардан бармоқ излари ёки юз фотосуратлари олинади. Кейинги сафарларда эса, паспортга муҳр босишнинг ўрнига, чегарадан ўтиш рақамли тарзда автоматик қайд этилади.
Янги тизим чет эллик фуқароларнинг мамлакат ҳудудида бўлиш муддатларини тезроқ ва аниқроқ назорат қилиш, шунингдек, рухсат этилган вақтдан ортиқ қолиш ҳолатларини зудлик билан аниқлаш имкониятини яратади.
Мазкур тизим Шенген келишувига аъзо барча мамлакатларда, жумладан Германия, Франция, Испания, Италия, Полша ва бошқа давлатларда жорий этилади.