Ўзбекистонда Амир Темур буюртмасига кўра 1399 йили тайёрланган ва ҳозирда Қозоғистоннинг Туркистон шаҳридаги Ҳожи Аҳмад Яссавий мақбарасида сақланаётган машҳур бронза қозоннинг аниқ нусхаси ясалади. Бу ҳақда Ислом цивилизацияси маркази томонидан хабар қилинди.
Маълум қилинишича, мазкур тарихий қозоннинг баландлиги 1,62 метр, диаметри 2,42 метр, ичига 3000 литргача сув сиғади, тахминий оғирлиги эса 2 тонна. Бу маълумотлар уни Марказий Осиёдаги энг йирик бронза идишлардан бири сифатида кўрсатади. Жума кунлари ундаги ширин сув халқ орасида эҳсон сифатида тарқатилган.
Қайд этилишича, қозон нафақат амалий металл ишлаш санъатининг ёрқин намунаси, балки исломий эътиқод, сўфийлик анъаналари ва Темурийлар давридаги маданий жараёнларнинг бирлашуви сифатида ҳам қаралади.
Артефактда «Барака топсин» ибораси форс тилида ўн марта, куфи хат билан араб тилида 22 марта «Ҳокимият Аллоҳникидир» деб ёзилган. Юқори тасмада эса Қуръон ва ҳадислардан иқтибослар келтирилган. Шунингдек, Амир Темурнинг буйруғи ва қозон яратилиш санаси ҳам ушбу тасмада акс этган.
«600 йиллик мазкур дошқозон нусхаси Ислом цивилизацияси маркази экспозициясидан ўрин олиши кутилмоқда», дейилади марказ хабарида.