Саудия Арабистони келгусида ёмғир сувини самарали йиғиш ва қуруқ ҳудудларда сув етишмовчилигини юмшатиш учун 1000 та янги тўғон қуришга қарор қилди. Бу ҳақда мамлакат атроф-муҳит, сув ресурслари ва қишлоқ хўжалиги вазири Абдураҳмон ал-Фазлий «Akhbaar24» нашрига маълум қилди.
Вазирга кўра, турли ҳажмдаги бу тўғонлар йилига жами 4 миллион куб метргача ёмғир сувини сақлаб қолишга хизмат қилади. Улар нафақат сувни тўплаш, балки ерости сув захираларини тўлдириш, сув тошқини хавфини камайтириш ва сув танқислигини енгиллаштиришга ҳам кўмаклашади.
Маълумотларга кўра, Саудия ҳукумати сув ресурслари соҳасида 61,3 млрд долларлик йирик лойиҳаларни амалга оширмоқда. Мамлакатда сув ишлаб чиқариш икки баробар ошган бўлиб, ҳозирги кунда 75 фоизи денгиз сувини тозалаш ҳисобига амалга оширилмоқда. Қироллик чучуклаштирилган денгиз суви ҳажми бўйича дунёда пешқадам ҳисобланади.
Шунингдек, қайта ишлатилаётган сув миқдори ҳам икки баробар кўпайиб, 32 фоизга етказилган. Бу ҳамда табиий сув манбаларидан оқилона фойдаланиш йўналишида муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.
Бундан ташқари, Саудия Арабистони иқлим ўзгаришига қарши кураш доирасида 2030 йилгача углерод гази чиқиндиларини икки баробар камайтириш, 10 млрд дарахт экиш ва 40 млн ҳектар ер майдонини тиклаш каби мақсадларни белгилаган.
«Яшил Саудия» дастури доирасида ҳозиргача 151 млн дарахт экди, 500 минг гектардан ортиқ ер тикланди. Дастур 2030 йилга қадар 215 млн дарахт экишни ва 2,5 млн гектар ерни тиклашни кўзда тутмоқда.