Ҳелсинкида бир йилдан буён ўлим билан тугаган бирорта автоҳалокат қайд этилмади

09:20 | 3 дақиқада ўқилади.

Финландия пойтахти Ҳелсинкида 2024 йил июлидан бери ҳалокатли ЙТҲ содир бўлмаган. Мутахассислар бу натижани ҳаракат тезлигини чеклаш, пиёда ва велосипедчи инфратузилмасини яхшилаш ҳамда қатъий назорат тизими билан боғлашмоқда.

Helsinki

Сўнгги 12 ой ичида қариб 700 минг аҳоли истиқомат қиладиган Ҳелсинки шаҳрида автоҳалокат туфайли бирорта ҳам ўлим қайд этилмаган. Бу ҳақда шаҳар маъмурияти ва полиция маълум қилди. Улар бу ҳолатни мисли кўрилмаган натижа сифатида баҳоламоқда. 2022–2026 йиллар учун тузилган «Йўл ҳаракати хавфсизлиги стратегияси» айнан шундай натижага йўналтирилган эди.

Бу муваффақиятга эришишдаги асосий омиллардан бири — тезлик чекловларининг камайтирилиши бўлди. Ҳозир Ҳелсинки кўчаларининг ярмидан кўпида ҳаракат лимити 30 km/h этиб белгиланган. Янги ўқув йили бошланиши билан мактаблар атрофида ҳам шундай чеклов жорий қилинади.

Шаҳарда пиёда ва велосипед ҳаракати учун инфратузилма жиддий яхшиланди. Йўл кесишмалари ва пиёда йўлаклари янада хавфсиз шаклга келтирилди. Автоматлаштирилган камералар, йўл полицияси билан ҳамкорлик ҳам хавфсизликни оширишга хизмат қилмоқда. Шунингдек, жамоат транспортнинг ривожлангани шахсий автоларга эҳтиёжни камайтираётгани қайд этилди.

Йўллардаги янги технологиялар ҳам авариялар оқибатини енгиллаштиришга ёрдам бермоқда. Масалан, автомобиллардаги тормоз тизими ва хавфсизлик ускуналари сезиларли даражада такомиллашган.

Шаҳар муҳандиси Рони Утриайнен фикрича, бу натижа барча иштирокчиларнинг жамоавий ҳаракати туфайли амалга ошган. Шу билан бирга, электросамокатлар янги муаммоларни келтириб чиқармоқда. Аммо сўнгги беш йилда улар учун ҳам алоҳида қоидалар ва ечимлар жорий қилинди.

Ҳелсинки Европанинг Vision Zero дастурини қўллаб-қувватлайди. Бу стратегияга кўра, 2050 йилга қадар йўлларда ҳалокатли автоҳалокатлар сонини нолга етказиш режалаштирилган. Шаҳар бу мақсад ҳар бир транспорт ва хавфсизлик қарорига таъсир қилиши керак, деб ҳисоблайди.