Июл ойида Ўзбекистонда дефляция 0,2 фоиз бўлди

13:30 | 3 дақиқада ўқилади.

2025 йил июл ойида Ўзбекистонда истеъмол нархлари ўртача 0,2 фоизга пасайди. Бу ҳолатга асосан озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг тушиши сабаб бўлди.

Defilyatsiya

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, oйлик ҳисобда озиқ-овқат маҳсулотлари нархи ўртача 1 фоизга арзонлади. Айниқса, мевалар ва ёнғоқлар 9 фоиздан ортиқ, сабзавотлар, илдизли маҳсулотлар ва дуккаклилар 4,8 фоизга арзонлашди. Сут маҳсулотлари ва тухумлар 0,8 фоиз, ун ва дон маҳсулотлари 0,1 фоизга тушди. Шу билан бирга, гўшт нархи қарийб 2 фоизга ошди.

Ноозиқ-овқат маҳсулотлар сегментида инфляция паст даражада сақланиб, ойлик 0,2 фоиз ва йиллик 7,1 фоизни ташкил этди. Кийим-кечак, пойабзал ҳамда маиший техника нархлари ойлик ҳисобда 0,1 фоизга ўсди.

Хизматлар соҳасида эса аксинча, нархлар ошиши давом этди — июл ойида 0,9 фоизга, йиллик ҳисобда эса 16,3 фоизга кўтарилди. Бунинг асосий сабабларидан бири бир қатор ҳудудларда коммунал ва хизмат тарифларининг янгиланиши бўлди. Жумладан, Бухоро, Наманган, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида сув ва канализация хизматлари, Нavoий ва Самарқандда маиший чиқинди йиғиш, Жиззах, Қашқадарё ва Фарғонада кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатиш тарифлари оширилди.

Йил бошидан бери умумий инфляция даражаси 4 фоизни ташкил этди. Йиллик инфляция май–июн ойларига нисбатан бироз тезлашиб, 8,9 фоизга етди.