Жума куни Фарғона водийси ҳамда Тошкент вилоятининг тоғолди ва тоғли ҳудудларида қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ кузатилиши мумкин. Бошқа ҳудудларда ёғингарчилик эҳтимоли паст.
Айрим минтақаларда шамол тезлиги сониясига 13−16 метргача кучайиб, чанг-тўзонлар билан кузатилиши мумкин. Бу ҳолат айниқса очиқ майдонларда ва қишлоқ хўжалиги ишлари олиб борилаётган жойларда ноқулайлик туғдириши эҳтимол қилинади.
Тошкент шаҳрида жума кундузи ҳаво бироз булутли бўлиб, ўзгарувчан тарзда кечади. Ёғингарчилик кутилмайди. Дам олиш кунлари пойтахтда асосан кам булутли ҳаво ҳукм суради. Шамол шарқдан сониясига 3–8 метр тезликда эсади, кун иккинчи ярмида сониясига 12–15 метргача кучайиши мумкин. Ҳарорат кечаси +20…+23 даража, кундузи +32…+35 даража бўлади.
Бу кўрсаткичлар август ойи боши учун одатий иқлим меъёрларидан 1–2 даража паст экани қайд этилмоқда.