Келажакда Ер сайёрасида кислород йўқолиши мумкин — тадқиқот

16:30 | 5 дақиқада ўқилади.

Тадқиқотчилар фикрига кўра, кислородга бой атмосфера сайёра тарихидаги вақтинчалик босқичдир. Олимлар сўнгги 800 минг йил ичида Ер атмосферасидаги кислород миқдори тахминан 0,7 фоизга камайганини аниқлади. 

Kislorod

Бу жараён сайёрамиз тахминан 2,4 млрд йил олдин бошдан кечирган ва «Катта оксидланиш ҳодисаси» (GOE) деб номланувчи даврдан олдинги атмосфера тузилишига ўхшаш ҳолатга қайтишни англатади. Чунки кислороднинг барқарорлиги тахмин қилинганидек кучли эмас.

Олимлар сайёрамиз атмосферасида метан миқдори ошиб кетиб, кислород танқислиги юзага келишидан огоҳлантирмоқда. 

Япониянинг Тоҳо университети ва АҚШнинг Жоржия технология институти олимларининг ҳамкорликдаги тадқиқоти Ер атмосферасида юз берадиган катта ўзгаришларни яққол кўрсатди. Тадқиқотга кўра, тахминан 1 миллиард йил ичида атмосферадаги кислород даражаси кескин пасаяди.

Тадқиқотни олиб борган олимлардан бири Казуми Озаки шундай деди: «Узоқ йиллар давомида Қуёшнинг тобора ёрқинлашуви ва глобал геокимёвий циклларга асосланиб, Ердаги ҳаётнинг давомийлиги ҳисоблаб келинган. Бу модел шуни кўрсатадики, атмосферадаги кислород доимий қолмаслиги мумкин».

Nature Geoscience журналида эълон қилинган мақолага кўра, Ер сайёрасининг кислород захиралари табиий жараёнлар, хусусан, Қуёшдаги аномал ўзгаришлар натижасида 1 миллиард йилдан сўнг аста-секин йўқолиб, сайёра яшаш учун яроқсиз бўлиб қолади.

Олимларнинг айтишича, атмосферадаги кислород узоқ муддатда барқарор хусусият эмас ва бошқа сайёраларда ҳаёт белгиларини излашда фақат кислородга эътибор қаратиш чалғитувчи бўлиши мумкин.

Тадқиқотга кўра, кислороднинг йўқолиши қуёш нурлари таъсирида сувнинг буғланиши ва океанларнинг йўқ бўлиб кетишидан олдин содир бўлади. Бу эса кислород билан ҳаёт кечирадиган инсоният ва кўплаб тирик мавжудотлар учун охир демакдир.

Жоржия технология институти ходими Крис Рейнхард бу ўзгаришни шундай таърифлайди: «Биз бугунги кунга қараганда тахминан миллион марта камроқ кислородли атмосфера ҳақида гапирмоқдамиз».

Ернинг кислородга бой ҳаёт даври сайёранинг умумий умрининг атиги 20-30 фоизини қамраб олади. Кислороднинг йўқолиши билан ўсимликлар ва фотосинтез қилувчи жонзотлар йўқ бўлиб кетади, аммо анаэроб, яъни кислородсиз муҳитда яшовчи микроорганизмлар мавжудлигини сақлаб қолиши мумкин.

Казуми Озаки: «Бу жараёндан сўнг атмосфера метаннинг юқори улуши, карбонат ангидриднинг паст даражаси ва озон қатлами бутунлай йўқ бўлган тузилишга айланади. Ер анаэроб ҳаёт шакллари ҳукмронлик қиладиган сайёрага айланади», — деди.

Қисқача айтганда, техник ва илмий тадқиқотларга кўра, Ерда кислороднинг бутунлай йўқолиши эҳтимоли мавжуд, лекин у миллиард йиллик узоқ жараён сифатида кўрилади ва ҳозирча яқин келажак учун таҳдид даражасида эмас.

Меҳриноза Фармонова тайёрлади.