Киевда портлаш тўлқини 9-қаватдан учириб юборган қиз тирик қолди

08:20 | 3 дақиқада ўқилади.

Россиянинг 31 июл куни Киевга уюштирган ракетали ҳужуми чоғида ёш қиз портлаш тўлқини сабабли 9-қаватдан учиб кетди. У тирик қолди — фақат оёғи синган ва бир тиши тўкилган.

Veronika

ТСН телеканали хабар беришича, Киев шаҳридаги Святошин районидаги тураржойга қилинган ҳужум оқибатида Вероника исмли қиз портлаш тўлқини таъсирида уйи деразасидан каровати билан биргаликда учиб кетган. У оёғидан жароҳат олган ҳолда тирик қолган. Верониканинг сўзларига кўра, кароват билан ерга тушгани уни муқаррар ўлимдан сақлаб қолган.

Қизнинг ҳикоя қилишича, портлаш вақтида у ухлаб ётган бўлган, кўз очганда эса ўзини ерда кўрган. Ҳозир у шифохонада, лекин ота-онаси ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмас. Улар қаерда экани ва тирикми-йўқми, номаълум.

Украина миллий полицияси маълумотларига кўра, Россиянинг турар жой массивига ракетали ҳужуми натижасида шаҳарда 11 киши ҳалок бўлган ва 93 киши турли даражада жароҳат олган. Святошин туманида ўнлаб одамлар яшаган кўп қаватли уй тўлиқ вайрон бўлган, қурбонлар орасида 6 ёшли бола ҳам бор. Қутқарувчилар ҳалок бўлган аёл ва эркак жасадини чиқаришган, уларнинг шахси ҳали аниқланмаган.

Киев шаҳар мэри Виталий Кличконинг маълум қилишича, 1 август куни пойтахтда мотам куни деб эълон қилинди. Шу муносабат билан барча давлат муассасаларида байроқлар туширилиб, кўнгилочар тадбирлар тақиқланади.