«Манчестер Сити» Абдуқодир Ҳусановнинг келажаги борасида бир қарорга келди

19:15 | 2 дақиқада ўқилади.

«Шаҳарликлар»нинг ўзбекистонлик марказий ҳимоячи бўйича режалари маълум қилинди.

Khusanov

Англиянинг етакчи клубларидан бири — «Манчестер Сити» ўзбекистонлик ёш ҳимоячи Абдуқодир Ҳусановнинг келажаги борасида қарор қабул қилди. Жамоа раҳбарияти уни келаётган мавсумда асосий таркибда олиб қолмоқчи.

Бу ҳақда журналист Саймон Байковскийга таяниб, «Euro-football» хабар тарқатди. Маълум қилинишича, клуб ёш ҳимоячининг имкониятларига ишонч билдирмоқда ва унда катта истиқбол кўряпти.

21 ёшли футболчи Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида ҳам тўп суриб келади. У жорий йилнинг январ ойида Франциянинг «Ланс» клубидан «Манчестер Сити» сафига ўтган ва шу пайтгача 10 та учрашувда иштирок этган ва битта гол муаллифига айланган.

Ҳусановнинг «шаҳарликлар» билан амалдаги шартномаси 2029 йилнинг ёзига қадар тузилган.

Аввалроқ, Ҳусанов сўнгги пайтларда асосий таркибга кира олмаётгани ва клуб раҳбарияти футболчини вақтинчалик ижарага бериш имкониятини кўриб чиқаётгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.