Ўзбекистон Коррупцияга қарши халқаро шартномага қўшилди

15:40 | 2 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистон 2013 йил 25 октябрда Минск шаҳрида имзоланган Коррупцияга қарши курашиш бўйича давлатлараро кенгаш тузиш тўғрисидаги битимга расман қўшилди. Бу ҳақда Президентнинг 2025 йил 30 июлдаги ПҚ-240-сонли қарорида маълум қилинди.

Mirziyoyev

Қарорга кўра, мазкур халқаро шартнома коррупцияга қарши курашда давлатлар ўртасида ҳамкорликни кучайтириш, тажриба алмашиш ва самарали чора-тадбирлар ишлаб чиқишни мақсад қилади. Ўзбекистоннинг қўшилиши мазкур йўналишдаги халқаро майдондаги ҳамкорлигини кенгайтиради.

Ташқи ишлар вазирлиги шартномани амалга оширишга масъул бўлган ваколатли орган ҳақидаги маълумотни тегишли тартибда депозитарийга юбориш вазифасини бажаради. Шу билан бирга, келишув шартларини бажариш учун Вазирлар Маҳкамаси ва тегишли вазирлик ҳамда идоралар масъул этиб белгиланди.

Битим кучга киргач, Ўзбекистон давлатлараро кенгаш доирасида коррупцияга қарши қонунчиликни мувофиқлаштириш, амалий ҳамкорлик ва халқаро лойиҳаларда иштирок этиш имкониятига эга бўлади.