Трамп Швейцарияга: Байрамингиз муборак! Энди 39 фоизлик бож тўланг

19:45 | 3 дақиқада ўқилади.

АҚШ президенти Доналд Трамп Швейцариянинг миллий байрами арафасида мамлакатдан импорт қилинадиган товарларга 39 фоизлик бож жорий этди. Бу кўрсаткич Европадаги барча давлатлар ичида энг юқори тариф бўлди.

Trmo

1 август — Швейцария Конфедерацияси ташкил топган кун. Аммо бу йил байрам кайфиятига янги бож сиёсати соя солди. Чунки Европанинг бошқа йирик иқтисодлари бу даражадаги чекловга дуч келмади: ЕИ давлатлари Трамп билан охирги дақиқада 15 фоизлик асосий тариф бўйича келишувга эришди, Буюк Британия эса 10 фоиз тўлайди. Бу ҳақда Politico нашри хабар бермоқда.

АҚШ давлат котиби Марко Рубио байрам муносабати билан швейцарияликларни қутлаб, икки давлат ўртасидаги «мустаҳкам ва барқарор ҳамкорлик»ни таъкидлади. У савдо, молия ва хавфсизлик соҳаларида Швейцариянинг дунё миқёсидаги ролига алоҳида эътибор қаратди.

Швейцария ҳукумати эса бу қарорни «катта афсус билан» қабул қилди. Федерал кенгаш баёнотида айтилишича, мамлакат АҚШ билан халқаро ҳуқуққа мувофиқ келишувга эришиш учун музокараларни давом эттиради.

Янги бож 7 августдан кучга киради. Бу эса икки томонга бир ҳафта ичида юмшатилган шартлар бўйича келишиш имконини қолдиради. Илгарироқ, апрел ойида Трамп «Озодлик куни»да Швейцария импорти учун 31 фоизлик божни эълон қилган эди, янги қарор эса уни янада оширди.