Украина дронлардан кўпроқ талафот кўрмоқда: Россия ҳужумлари 3 баравар самаралироқ чиқаяпти

11:00 | 4 дақиқада ўқилади.

Россия дрон ҳужумларини кучайтирмоқда — март ойида Украина мудофааси 5 фоизинигина ўтказиб юборган қурилмалар бугунги кунда 15 фоизга нишонларга етиб бормоқда. Украина эса арзон тутувчи дронлар ишлаб чиқаришни оммавий равишда кенгайтиришга мажбур бўлмоқда.

Shahed drons

The Economist нашрининг ёзишича, Россия ҳар куни 200 дан ортиқ дрон ишлаб чиқаряпти. Бу дронлар — асосан Geran-2 ва Gerbera турлари — фронтдан 1500 км узоқликда — Татаристонда жойлашган заводларда ҳимояда ишлаб чиқилмоқда. Geran-2 модели 90 килоли зарбдор каллак, сунъий интеллект ва видео бошқарув тизимига эга. Улар 4 км баландликдан соатига 400 км тезликда шўнғиши мумкин. Битта Geran-2 дронининг баҳоси тахминан 200 минг долларга тенг.

Украина эса бир донаси 5 минг долларга тушадиган тутиб урувчи дронларни жадал ишлаб чиқармоқчи. Ҳозирги кунда улар ҳар куни 70 фоизгача Geran дронларини йўқ қиляпти. Украина раҳбари Володимир Зеленский бу кўрсаткични мустаҳкамлаш учун кунлик 1000 та тутувчи дрон ишлаб чиқариш дастурини йўлга қўйди. Бунинг учун 6 млрд доллар маблағ талаб этилади.

Украинада ҳозирча технологик камчиликлар сақланмоқда — дронларнинг радиолокацион уланиш ва сигналлар тўсилишидан ҳимоя тизимлари мукаммал эмас. Шу боис Россия яқин кунларда янги алгоритм ва сунъий интеллектга асосланган дронлар тўдаси билан Украина ҳимоясини алдашга уриниши мумкин.

Украина бош қўмондони Олександр Сирскийнинг таъкидлашича, мамлакат Россиянинг кунлик ишлаб чиқариш салоҳиятига етиб олиш арафасида. Аммо ишлаб чиқариш линияларини кенгайтириш, операторларни тайёрлаш ва катта ҳажмда шартномалар тузиш ҳали ҳам муҳим муаммолигича қолмоқда.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, Украинада ҳар бир Geran дронига қарши донаси миллион долларлик IRIS-T зенит ракетасини ишлатиш мудофаа тизимини молиявий жиҳатдан самарадор қилмайди. Шунинг учун арзон тутиб урувчи дронлар — ечим сифатида муҳокама марказида турибди.