«Ватанга қайтариш» акцияси бошланди: оғир аҳволдаги ўзбекистонликлар уйига олиб келинади

10:30 | 2 дақиқада ўқилади.

Мазкур ташаббус доирасида чет элда қийин аҳволда қолган фуқароларни ватанга олиб келиш ва уларни жамиятга қайта мослаштириш мақсад қилинган.

Vatandosh

2025 йил 30 июлдан 30 августга қадар Ўзбекистонда «Ватанга қайтариш» номли кенг кўламли хайрия акцияси ўтказилмоқда. Бу ташаббус 30 июл — Бутунжаҳон одам савдосига қарши курашиш куни муносабати билан ташкил этилди.

Акция Ўзбекистон Республикаси Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Бандлик вазирлиги, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамда тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамкорлигида амалга оширилмоқда.

Ташкилотчиларнинг маълум қилишича, акция доирасида хорижий давлатларда оғир аҳволга тушиб қолган Ўзбекистон фуқароларини ватанга қайтариш ва самарали реинтеграция жараёнларини йўлга қўйиш кўзда тутилган.

Мазкур лойиҳага мурожаат қилиш учун қуйидаги манзил ва каналлар ишга туширилган:

– Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг хориждаги ваколатхоналари;
– Ўзбекистоннинг хориждаги ваколатхоналари ва консуллик муассасалари;
– Telegram орқали: @huquqiy_yordam_uzbot;
– Қисқа рақам: 12-82.