Хориждан қайтганлар ОИВ учун мажбурий текширувдан ўтади

21:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистонда хорижда узоқ вақт бўлиб қайтган фуқаролар учун ОИВ бўйича тиббий кўрикдан ўтиш мажбурий қилиб белгиланмоқда. Янги қонун Сенат томонидан маъқулланди.

Vatandosh

2025 йил 1 август куни Сенатнинг 9-ялпи мажлисида қабул қилинган қонунга кўра, чет элда 90 кун ва ундан ортиқ муддат бўлиб қайтган Ўзбекистон фуқаролари эндиликда ОИВ текширувидан ўтади.

Қонун 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган Ўзбекистон фуқаролари, мамлакатда доимий яшовчи хорижликлар ҳамда меҳнат қилиш учун келаётган чет элликларга нисбатан қўлланилади.

Қайд этилишича, Ўзбекистон фуқаролари ва Ўзбекистонда доимий яшайдиган фуқаролиги бўлмаган шахслар мажбурий тиббий текширувдан давлат бюджети маблағлари ҳисобидан, меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун Ўзбекистонга кириб келган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳамда Ўзбекистонда доимий яшайдиган чет эл фуқаролари учун эса ўз ҳисобидан амалга оширилади.

Маълум бўлишича, 2024 йилда 90 кундан ортиқ хорижда бўлиб қайтган 1,7 миллион фуқаронинг фақат 25 фоизи (434 минг киши) ихтиёрий текширувдан ўтган. Улар орасида 1 512 ҳолатда ОИВ аниқланган.

Қонунга мувофиқ, ОИВ ёки сил касалликлари аниқланган шахсларга Ўзбекистонда меҳнат фаолияти билан шуғулланиш учун рухсат берилмайди.

Шунингдек, қонунга кўра, хусусий бандлик агентликлари фуқароларни чет элдаги меҳнат фаолиятига тайёрлашда уларни маҳаллий қонунлар билан таништириши шарт қилиб белгиланди.