Европанинг машҳур «Sinsay» бренди Ўзбекистондаги биринчи дўконини очди

11:45 | 3 дақиқада ўқилади.

31 июл куни Тошкент шаҳридаги «Yunusabad Gallery» савдо марказида Полшанинг «LPP S.A.» компаниясига тегишли «Sinsay» брендининг биринчи дўкони тантанали равишда ишга туширилди. Лойиҳа Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси ва мамлакатнинг Польшадаги элчихонаси ҳамкорлигида амалга оширилди.

Sinsay

1991 йилда Полшада ташкил этилган «LPP S.A.» ҳозирда бешта бренд — Reserved, Cropp, House, Mohito ва Sinsay орқали 40 дан зиёд давлатда 2000 дан ортиқ дўконга эга. Компания Полша, Германия, Чехия, Венгрия, Румыния, Болгария, Саудия Арабистони, БАА, Миср, Қозоғистон, Гуржистон ва бошқа мамлакатларда фаолият юритади.

Савдо-саноат палатаси берган маълумотларга кўра, 2025 йилда компания Ўзбекистонга 67 млрд сўм миқдорида тўғридан-тўғри сармоя киритган. Шунингдек, маҳаллий филиалда 30 дан ортиқ мутахассис доимий иш ўрнига эга бўлган. Бу нафақат янги иш ўринлари яратилиши, балки соҳага халқаро тажриба киришига ҳам хизмат қилади, дейилади хабарда.

«LPP S.A.» маҳаллий тўқимачилик корхоналари билан ҳамкорликни йўлга қўймоқда. Қўшма ишлаб чиқариш ва экспорт салоҳиятини ошириш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.

Жорий йил охирига қадар Ўзбекистондаги сармоялар ҳажми 10 млн долларга етказилиши ва 20 дан зиёд «LPP S.A.» дўконлари очилиши режалаштирилган. Бу ички бозорда рақобатни кучайтириш ва маҳаллий маҳсулотларни халқаро стандартларга яқинлаштиришга туртки бўлади.